ТАВАККАЛ, Таваккалхон, Таваккул султон (? — 1598) — Қозоқ хонлиги хони (1586—98). Шиғайхоннинг ўғли. 1581—82 й. ларда Абдуллахон И саройида хизмат қилган. Таваккал ва отаси Шиғайхон Абдуллахоннинг Тошкент ва Туркистоннинг шайбонийлардан бўлган ҳокими Бобохон (Бобо султон)га ва баъзи қозоқ султонларига қарши курашида катта ёрдам берган. Шу хизматлари туфайли 1575 й. Шиғайга Хўжанд вилояти тархон ёки суюрғол тариқасида берилган. Офаринкент вилояти Таваккалга туҳфа қилинган (1582). Бироқ хоннинг унга нисбатан муомаласи ёмонлашганидан бадгумон бўлиб Дашти Қипчоққа қайтган. Мустақил бўлиш учун Мўғулистон ва Бухоро хонлиги билан кураш олиб борган. Абдуллахонга қарши курашда ёрдам бергани учун Бобохон Ясси ва Саброн вилоятларини унга суюргол килиб берган. Т. Шарқий Туркистондаги Чалиш ва Турфан вилоятлари ички ишларига аралашган, бу вилоятлар ҳокими унинг кўрсатмаси билан тайинланган. Россия билан дўстона алоқа ўрнатишга ҳаракат қилган. Россия Ўрта Осиё хонликлари билан музокараларда Таваккалдан воситачи сифатида фойдаланишга ҳамда Таваккал билан Эрон шоҳи Аббос I ўртасида Бухоро хонлигига қарши иттифоқчилик шартномаси тузилиши учун кўп уринган. 1594 й. янвда подшо хукумати Таваккалга ҳарбий ёрдам беришни ваъда қилган. 1595 й. майиюлда Таваккал ҳузурида Вельямин Степанов бошчилигидаги рус элчилари бўлган. Абдуллахон ва унинг ўғли Абдулмўминхон вафотидан сўнг Т. Мовароуннаҳрни эгаллашга уринган. Укаси Ишимхон билан аввал Тошкентни, сўнгра Самарқандни эгаллаб, Бухорога юрган. Бухоро яқинидаги жангда оғир ярадор бўлиб Тошкентга қайтган ва ўша ерда вафот эттан.
Ад:. Ахмедов Б. А., История Балха, Таваккал, 1982; Ахмедов Б. А., Материалы по истории казахских ханств XV—XVIII веков, АлмаАта, 1969.
Жавли Турсунов.