ТАШХИС

ТАШХИС, диагноз — касалликнинг хусусияти, моҳияти ва беморнинг аҳволи қақида врачлар берган қисқача таъриф, хулоса, касалликнинг номи. Беморни тўғри даволаш учун Ташхис аниқ қўйилиши шарт. Тўғри Ташхис қўйиш учун беморда касалликнинг ўтиш хусусиятларини билиш, касаллик белгиларини барча усуллар билан ўрганиш ва б. касалликларнинг белгиларига таққослаб кўриш керак. Ташхисни расмийлаштиришда асосий касалликдан ташқари, унга қўшилган йўлдош касалликлар ҳам кўрсатилади. Эрта. қўйилган (касалликнинг бошланғич белгиларига кўра), клиник (текширишлар натижасига асосланиб), дифференциал (фарқлаш), функционал (аъзолар функциясини текшириб), даво натижаларига қараб қўйилган, шунингдек, вафотдан кейинги (патологоанатомик) ва бошқа Ташхислар фарқ қилинади. Ҳар қандай касалликни (мас., ракни) ўз вақтида аниқлаб, тўғри Ташхис қўйилгандагина даволаш натижаси самарали бўлади.