ТАРОР ОЛТИН КОНИ

ТАРОР ОЛТИН КОНИ — Зарафшон дарёсининг чап соҳилида, Зарафшон тоғ тизмаларидаги Мўғиён тоғларида жойлашган (Тожикистон, Панжакент тумани). 1967 й. очилган. Тарор олтин кони юқрри карбон ёшидаги кварцли диоритлар штоки ёриб чиққан силур даврига мансуб турли даражада метасоматик ўзгарган чўкинди тоғ жинслари — оҳактош, қумтош ва сланецлар бағрида жойлашган. Генезиси бўйича гидротермалметасоматик рудалар, асосан, скарнлар, кварцитлар ва уларга турдош бўлган жинслар билан боғлиқ. Руда таналари Тарор синиғи зонасида жойлашган минераллашган жинслардан (скарнлар, кварцитлар, кремнийлар ва ҳ. к.) иборат бўлиб, уларнинг умумий тарқалиш уз. 500—600 м, қалинлиги 30 м гача, чуқурлиги эса 450—500 м ва ундан ортиқ. Конда руда оксидланиши чуқур, туғма элементлар (олтин, кумуш, мис, висмут, сурма), сульфатузли минераллар (тетраэдрит, айкинит, жемсонит, Bi, Ag, Sb ларнинг сульфатузлари) кенг тарқалган. Асосий сульфидли минералларарсенопирит, пирит, халькопирит, антимонит ҳамда норуда минераллар — кварц, доломит, кальцит, анкерит ва б. дан иборат. Олтин кони рудалари комплекс (кўп элементли) бўлиб, унинг таркибида ўзгарувчи миқдордаги (21 — 128 г/т) олтиндан ташкари кумуш, кадмий, индий, висмут ва б. фойдали элементлар мавжуд. Конда бир неча хил руда турлари ажратилиб (сульфидли, гематитли, кварцкальцитли ва ҳ. к.), улардан саноат аҳамиятига молиги — сульфидли (хира рудали ва арсенопиритли) рудалар ҳисобланади. Тарор олтини туғма, кумушли олтинлардан ҳисобланади.