ТАРАҒОЙ

ТАРАҒОЙ, Амир Тарағой, Тарағойбек (? — 1360) — Амир Темурнинг отаси. Чиғатой улусинииг нуфузли бекларидан бири, барлос қабиласи оқсоқолларидан бўлган. Тарағой аждодлари Чингизхон ва Чиғашой саройига яқин бўлишган, кейинчалик улар Кеш вилоятини идора этганлар. Тарағойнинг ўзи ҳам Амир Ҳазағоннинг ишончли бекларидан саналган. Чиғатой улуси ҳукмдорлари томонидан Или дарёси бўйида ҳар йили чақириладиган қурултойга бошқа вилоят беклари қаторида Тарағой ҳам қатнашган. Тарағойнинг Мовароуннаҳр ва Мўғўлистондаги машҳур амирлардан дўстлари кўп бўлган, бу ҳол кейинчалик Амир Темурга қўл келган. Тарағой беклар хонадонига мансуб бўлсада, отаси Амир Баргул каби ҳарбий ишга майли бўлмаган. Тарағой тақводор мусулмон бўлиб, кўп вақтини дарвешлар билан ўтказган. Шарафуддин Али Яздийнинг ёзишига кўра, «Тарағойбек уламо ва сулаҳо ва муттақийларга мушфиқ ва меҳрибон эрди ва буларнинг мажлисига борур эрди…». Т. Шамсуддин Кулолнм ўзига пир тутган. Тарағойнинг хотини Бухоро фузалоларининг пешвоси — садр улшаръиа (шариат қонунларини шарғловчи)нинг қизи Такина хотун бўлган. Тарағой фарзанди Темурбекни ёшлигидан махсус мураббийлар назорати остига топшириб, чавандозлик, овчилик, камондан ўқ отиш, қиличбозлик ва б. дан ҳарбий таълим олишига алоҳида эътибор берган. Булар уни келажакда буюк саркарда бўлиб етишида катта роль ўйнаган. Т. Кеш (Шаҳрисабз)даги оилавий хилхонага дафн этилган. Соҳибқирон кейинчалик жоме масжид яқинида, шайх Шамсуддин Кулол мақбараси ёнида янги макбара қурдириб отасининг хокини ўша ерга кўчирган. Амир Темур ҳарбий сафарлардан қайтишда Кешда тўхтаб, отаси, ўғли Жаҳонгир, пири шайх Шамсиддин Кулол қабрларини зиёрат қилган.

Манба: Шарафуддин Али Яздий, Зафарнома, Тарағой, 1997; Ад.: Амир Темур жаҳон тарихида, Париж, 1996; Бартольд В. В., Сочинения, т.2(часть 2), М., 1964; Файзиев Т., Темурийлар шажараси, Тарағой, 1995,Радлов В. В., Опыт словаря тюркских наречий, т. З, М., 1963.