ТАНЖЕР

ТАНЖЕР (араб. Танжа) — Марокашнинг шим. қисмидаги шаҳар, Гибралтар бўғози соҳилидаги порт. Танжер провинциясининг маъмурий маркази. Аҳолиси 525 минг кишидан зиёд (1990й. лар охири). Шим. Марокашнинг савдотранспорт ва транзит маркази. Аэропорти халқаро аҳамиятга эга. Четга цитрус мевалар, сабзавот, балиқ ва мева консервалари чиқарилади. Озиқ-овқат, тўқимачилик, цемент саноати корхоналари мавжуд.

Танжерга мил. ав. 2минг йиллик охирида финикияликлар томонидан асос солинган. Мил. ав. 1 а. дан бошлаб Рим хукмронлиги остида бўлган. 5-а. да вандаллар, 6-а. да Византия эгаллаган. 8-а. бошларидан араблар қўл остига утган. Мамлакат шим. қисмининг муҳим иқтисодий ва маданий марказларидан. 1471 й. да Португалия, 1661 й. да Англия ҳукмронлиги остига ўтган. 1684 й. дан Марокаш таркибида бўлиб, Марокашнинг бўлиниб кетиши натижасида махсус режимдаги зона қилиб ажратилган. Марокаш мустакилликка эришгач (1956), яна унинг таркибига кирди.