ТАЛХАТАН БОБО МАСЖИДМАҚБАРАСИ

ТАЛХАТАН БОБО МАСЖИДМАҚБАРАСИ — Марв (Туркманистон) даги меъморий ёдгорлик (11-а.). Бино тўғри тўртбурчак тарҳли (10×18 м), 4 хонали, гумбазли. Масжид (7,3×7,3 м) бино мужассамотида асосий ўринни эгаллайди. Масжиднинг 2 ёни йўлкаларида хоналар, тўрида мақбара жойлашган. Мақбара Талхатан қишлоғида халқ орасида ҳурмат қозонган кекса бобо номи билан боғланган. Ташқи ва ички безакларининг бир хил хусусиятга эгалиги, яхлитлиги, ундаги ғиштлар (25x25x5 см) нинг ўзига хос маҳорат билан терилганлигидадир. Ғиштлардан гириҳ ва ислимий нақшлар ҳосил қилинган. Хоналар ичига ғиштдан равоқ, бағал, мехроб ҳошиялари ва устунгўшалар ишланган. Девор қалинлиги 1,5 м га яқин. Мақбара қад. бўлишига қарамай, меъморларнинг бадиий маҳорати, салобати яхши сакланган.