ТАЛМИҲ

ТАЛМИҲ (араб. — ишора қилиш, бирор нарса томонга енгил назар ташлаш) — мумтоз шеъриятда кенг қўлланган бадиий санъатлардан бири. Бунда шоир машҳур бир қисса, воқеа ёки асарга ишора қилиш орқали ўз фикрини мухтасар ҳикоя қилади. Шунга кўра, Талмиҳ шеърда оз сўз билан кўп маънони ифодалаш санъати дейилади. Mac, Атоий Сен бути Чин ишқида ҳолимни айб эткан киши «Мантиқуттайр» ичра кўрсун Шайх Санъон қиссасин. байтида ўзининг бир гўзал ишқида не ҳолга тушганини батафсил баён қилиб ўтирмай, Фаридиддин Атторнинг «Мантиқ уттайр» достонидаги машҳур «Шайх Санъон қиссаси»га ишора қилади: Шайх Санъон воқеасидан хабардор киши менинг ҳолатимни сира айб қилмайди, дейди. Шу тариқа, бутун бир китобга жо бўладиган фикр бир байтга сингдирилади.

Талмиҳ 3 кўринишда намоён бўлади: эжоз, мусовот ва баст. Эжоз — оз сўз билан кўп маънони ифодалаш. Мусовотда сўз ва маъно тенг. Бает эса маънони кўп сўз билан ифодалашдан иборат. Истиора ва ташбиҳ эжоз жумласидан бўлиб, ортиқча баён ва шубҳани бартараф этиш учун батафсил маълумот келтириш билан боғлиқ санъатлар баст ҳисобланади. Бу санъатлардан энг кўп қўлланадигани — эжоз.

Шарқ мумтоз адабиётида Талмиҳ санъатига кўп шоирлар мурожаат қилган. Замонавий шоирлар ижодида ҳам Талмиҳнинг гўзал намуналари мавжуд.

Ад.:Атоуллоҳ Ҳусайний, Бадойиъуссанойиъ, Талмиҳ, 1981; Шамси Қайси Розий, Алмўъжам, Душанба, 1991.

Эргаш Очилов.