ТАЛЛИМАРЖОН

ТАЛЛИМАРЖОН — Қашқадарё вшгояти Нишон туманидаги шаҳар (1975 й. дан). Қарши чўлининг ўзлаштирилиши муносабати билан 1964 й. да ташкил этилган. Таллимаржон сув омбори ёнида жойлашган. Аҳолиси 9,9 минг киши (2004). Таллимаржонда Қарши канали ва насос стялардан фойдаланиш бошқармаси, шу бошқарманинг марказий таъмирлаш устахонаси, автокорхона ва б. бор. Шаҳарда умумий таълим мактаблари, касбҳунар коллежи (чилангар, электриклар тайёрлайди), очиқ сузиш ҳавзасига эга бўлган спорт мажмуаси, касалхона, туғруқхона, поликлиника ва дорихона мавжуд. Таллимаржон т. й. ва автомобиль йўллари орқали (80 км) Қарши шаҳри билан боғланган.