ТАЛАС ВОДИЙСИ

ТАЛАС ВОДИЙСИ — Шим. Тяньшан орасидаги тектоник водий. Кирғизистоннинг шим. қисмида. Мўйинқум чўлига туташиб кетади. Талас водийси учбурчак шаклида бўлиб, шим. шарқи очиқ. Талас тизмаси билан Қирғизистон тизмаси туташган ердан Тароз ш. яқинигача 230 км га чўзилган. Эни энг тор жойида 1 км дан, энг кенг жойида 80 км гача. Шим. да Қирғизистон тизмаси, жан. да Талас Олатови, ғарбда Қоратовнинг жан. шарқий тармоклари билан ўралган. Водий марказидан Талас дарёси оқиб ўтади. Баландлиги ғарбий қисмида 600 м, шарқий қисмида 2000 м дан зиёд. Рельефи мураккаб, асосан, кенглик бўйлаб чўзилган бир қанча паст тизмалар мавжуд. Водийни ўраб олган тизмалар ён бағирлари сланец, қумтош, гранит, оҳактошлардан ташкил топган. Тизмаларнинг пастки кисми ва Талас дарёси водийси тўртламчи давр ётқизиқлари билан қопланган.

Талас водийси ва уни ўраб олган тизмаларда текислик ва тоғолди чала чўл, тоғолди ўртача баландликдаги тоғ дашти ва ўртача баландликдаги тоғ ўрмон ўтлоқдашти, баланд тоғлик ўтлоқ ва ўтлоқ дашт субальп, альп, доимий қорлик ва музлик ландшафт минтақалари тарқалган.

Талас водийси тоғлар билан ўралганлиги учун атрофдаги туманларга нисбатан қиши унча совуқ бўлмайди. Йиллик ўртача тра 2000 м баландликда ҳам 5°, 8°. Вегетация даври 140—160 кун. Йиллик ёғин 200— 300 мм.

Асосан, бўз тупроқ, баланд тоғ ён бағирларида тоғ қорамтир, дарё қайирларида эса ўтлоқи аллювиал тупроклар учрайди. Шувоқ, чалов, бетага ўсади. Воҳанинг ғарбий ва марказий қисмларида воғалар мавжуд, суғорилиб маданий экинлар, шу жумладан, қанд лавлаги, буғдой, тамаки ва сабзавот экилади. Боғ кўп. Тоғ ён бағирлари чорвачилик учун яйлов. Талас дарёсида сув омбори қурилган. Талас водийсида Талас ш. жойлашган.