ТАЛАС ЖАНГИ

ТАЛАС ЖАНГИ — Талас (Тароз) дарёси бўйида араб ва хитой қушинлари ўртасида юз берган ҳал қилувчи жанг (751). 8-а. нинг 1ярмида Тан империяси Буюк ипак йўлини эгаллаш ва бу йўлдаги давлатларни ўзига бўйсундириш учун бир неча бор урушлар қилган. Мовароуннаҳрдаги мураккаб ички аҳвол (арабларга қарши халқ қўзғолонлари), Фарғона ҳокимининг Чоч ҳокимига қарши курашида Хитойдан ёрдам сўрагани бу юришларга баҳона бўлган. Тан давлати 750 й. миллати корейс бўлган Гао Сяньчжи (Гав Шанчжи) қўмондонлигида катта қўшин жўнатган. Бу қўшин фарғоналиклар билан иттифоқликда Чочни олиб вайрон қилган, катта ўлжа (туялар, отлар, олтин, кумуш)ни қўлга киритган. Чоч қокими қатл қилинган, унинг ўғли араблардан ёрдам сўраган. 751 й. июль ойида арабларнинг Зиёд ибн Солиҳ қўмондонлиги остидаги қўшини Гао Сяньчжининг хитойлар, фарғоналиклар, қашқарликлар, кучарликлар ҳамда қарлуқлардан иборат йирик қўшини (араб манбаларига кўра 70 минг киши) билан Талас дарёси бўйида тўқнашган. Талас жанги 5 кун давом этган. Тўқнашув жараёнида Тан армияси таркибидаги қарлуқлар арабларга қарши курашдан бош тортган ва хитойликларнинг аръергардига зарба берганлар. Хитой қўшини бутунлай яксон қилинган. Гао Сяньчжи ёрдамчилари Ли Сийе ва Дуан Шоушилар билан бирга зўрға қочиб қутилган. Ибн алАсирнинг ёзишича, хитойликлардан 50 минг киши ўлдирилиб, тахм. 20 минг киши асир олинган. Асирга тушган Хитой жангчилари орасидан танлаб олинган ҳунармандлар Самарқандга келтирилган. Улар Самарқандда қоғоз ишлаб чиқариш. саноатини янада ривожланишига муносиб ҳисса қўшганлар. Хитойлик хунармандлар ҳатто Месопотамия шаҳарларига ҳам келтирилган. Талас жанги Марказий Осиё халклари тарихида ўта муҳим роль ўйнайди. У Тан империясининг Ўрта Осиё худудини эгаллаш йўлидаги тажовузкорона сиёсатига узилкесил чек қўйган. Аммо бу Ғарб билан Шарқ ўртасидаги савдо алоқаларини бугунлай узилишига олиб келмаган.

Абдулаҳад Хўжаев.