ТАКТАК

ТАКТАК (Hordeum bulbosum Torn.) , хардума, тоғарпа — бошокдошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўтсимон ўсимлик, бегона ўт. Бўйи 50—190 см. Бошоғи 6—13 см, эни 6—7 мм, қалами, мўрт. Остки гул қипиғининг қилтиги 4 — 6 см, Тактакнинг ер ости қисми кичикроқ пиёзга ўхшаш туганак ҳосил қилади. Май—июнь ойларида гуллаб, мева тугади. Адир ва тоғ ёнбағирларида, воҳалардаги ғалла экинлари орасида ва марзаларда, йўл ёқаларида ўсади. Пичанбоп ўсимлик ҳисобланади. Баъзан дони озиқ-овқат учун ишлатилади. Пояси тез дағаллашгани ва серқилтиқлиги туфайли бошоқлагунга қадар ўриб олинади. Ўзбекистоннинг барча вилоятларида тарқалган.