ТАКЛАМАКОН

ТАКЛАМАКОН — Хитойнинг ғарбий қисмидаги чўл, Тарим текислигининг марказий қисмида. Дунёда энг йирик қум чўлларидан бири. Майд. 271 минг км2. Узунлиги ғарбдан шарққа 1000 км дан зиёд, эни 400 км гача. Ер юзаси текис бўлиб, тўртламчи даврда тўпланган чўкиндилардан тузилган. Шим. ва шарққа томон 1200—1300 м дан 900—1000 м гача пасайиб боради. Чўлнинг ғарбий қисмида қумтошлардан иборат бир неча қояли қатор тепалар (Чўнгтоғ, бал. 1664 м), қумоқ ва гилли тепаликлар (Мозортоғ, 1635 м, Тўхтақози, 1560 м) бор. Т. нинг жан. ғарбида барханлар, шим. шарқида бал. 300 м гача бўлган қум уюмлари учрайди. Чекка қисмидаги катта майдонларни шўрхоклар эгаллаган. Иқлими кескин континентал, қуруқ иқлим. Йилига 50 мм дан кам ёғин ёғади, баъзи йилларда умуман ёғмайди. Кучли шамоллар эсиб, қум бўронлари бўлиб туради. Куньлундан оқиб келадиган дарёлар қумга сингиб кетади, Хўтан дарёсигина ёзда чўлни кесиб ўтиб, Тарим дарёсига қуйилади. Ер ости сувлари чуқур. Чўлнинг катта қисмида ўсимлик деярли учрамайди. Дарё водийларида терак, жийда, янтоқ, шўра, саксовул ўсади. Ҳайвонот дунёси камбағал. Аҳоли воҳа ва дарё водийларида яшайди, чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланади. Такламаконда фойдали қазилмалардан нефть, газ, кумир конлари, полиметалл рудалари топилган.