ТАКАТОШ РАСМЛАРИ

ТАКАТОШ РАСМЛАРИ — Молгузар тоғининг шим. ён бағридаги Такатош дара қоятошларига ўйиб ишланган тасвирлар. 1956 й. да А. Муҳаммаджонов томонидан топилган; 1970—71 й. ларда археолог А. Кабиров томонидан ўрганилган. 1000 дан ортиқ расмлар жез даврининг сўнгги даври (2минг йиллик 2ярми — 1минг йилликнинг боши)га мансуб (кейинги даврларда ишланганлари ҳам бор), тош, жез ва темир буюмлар билан уриб, схематик, контур, соя услубида безакли килиб ўзига хос ишланган. Такатош расмларида қуролланган кишиларнинг ёввойи ҳайвонларни ов қилиши, диний маросимлар ижроси ҳақида турли манзаралар, кўплаб одамлар, ёввойи ва уй ҳайвонлари, турли буюмлар тасвирланган. Такатош расмлари ибтидоий ва қад. санъатнинг нодир намунаси, шунингдек, муҳим маданий ва тарихий манба сифатида қимматлидир.