ТАЖОҲУЛИ ОРИФОНА

ТАЖОҲУЛИ ОРИФОНА (араб. би либ туриб билмасликка олиш) — мумтоз шеъриятда ўхшатиш усулларидан бири; шоир ўхшатиш манбаини кучайтириб, бўрттириб кўрсатиш мақсадида ўша манбага (одатда ёрга, маҳбубага) нисбатан бир ёки бир неча ўхшатиш қўллайди, лекин гўё ўзини нодон кишиларча тутиб, ўзини билмасликка солиб, ушбу ўхшатишларининг тўғринотўғрилиги ҳақида бошқалардан сўрайди. Аслида эса шоирнинг ўзини билиб билмасликка солиши шартли бўлиб, унинг ўхшатишларида камчилик, хатолик йўқ; унинг асл мақсади ёр қиёфасини муболағали тавсифу ўхшатишлар асосида киши кўз ўнгида аниқ гавдалантиришдан иборатдир. Мас., Лутфийнинг Малак ё ҳур, билмом, ё парисан? Бу рафтор ила ё кабки дарийсан? байтида шоир маъшуқа сиймосини малак, ҳур, париларга, унинг юришини эса кабки дарий (каклик тури) юришига ўхшатадию, ўзини билмасликка солиб, айни қайси ўхшатиш тўғрилигини билмагандай, бу ҳакда сўраб кўради. Тўғридантўғри ўхшатишга нисбатан бу хил яширин ўхшатиш, қиёслаш байтнинг таъсирчанлигини оширади, ўқувчига завқ бағишлайди.

Тажоҳули орифона санъати кўпинча ғазалнинг матласидан мақтасигача давом эттирилади, яъни барча байтлар шу санъат асосида ёзилади. Mac, Атоийнинг Менгиз ё равзаи ризвонмидур бу? Оғиз ё ғунчаи хандонмидур бу? байти билан бошланадиган ғазали охиригача шу санъатга асосланиб яратилган. Тажоҳули орифона санъати мумтоз шеъриятимизда кенг қўлланган бўлиб, ундан деярли барча шоирлар фойдаланганлар.

Ад.: Ҳожиаҳмедов А., Мумтоз бадиият малоҳати, Тажоҳули орифона, 1999.