ТАГАЛ ТИЛИ

ТАГАЛ ТИЛИ, тагало, тагалог — австронез тиллари макрооиласига мансуб Филиппин тилларидан бири; дастлаб Филиппин Республикасининг энг муҳим сиёсий, иқтисодий ва маданий маркази бўлмиш Лусон оролининг ўрта ва жан. қисмида, кейинчалик оролнинг шим. ғарбий қисмлари ва Лусондан жан. даги бошқа оролларда тарқалган. Сўзлашувчиларнинг умумий сони 15 млн. кишига яқин. Тагал тили мустамлака давригача қабилалараро тил, 20-а. бошидан умуммиллий тил мақомида бўлиб, 1959 й. «пилипино» (филиппин тили) деган ном олган. 1973 й. да эса инглиз тили билан бир қаторда Филиппин Республикасининг расмий тили деб эълон қилинган. Лаҳжалари 10 дан ортиқ бўлиб, улар тагалларнинг тарқалиш ҳудудига мое ҳолда манила, батаан, булакан, батангас каби номларга эга; лексика ва имло бўйича ўзаро фарқланади. Адабий тили манила лаҳжаси асосида шаклланган. Тагал тили 100 дан ортиқ Филиппин тиллари орасида 20-а. бошигача адабий тил сифатида шаклланган ягона тилдир. Фонетикасида 5 унли ва 16 ундош фонема мавжуд. Отларга нисбасан феълларда морфологик категориялар (замон, нисбат) яхши ривожланган. Гапда сўз тартиби белгиловчи аҳамиятга эга эмас. Лексикасида испан, инглиз, хитой, араб, ҳинд тилларидан ўзлашган сўзлар кўп. Тагал тили мустамлака давригача қад. ҳинд ёзувидан келиб чиққан бўғинли ёзувдан фойдаланган. 17-а. бошларидан лотин графикаси асосидаги ёзув жорий этилган.