ТАБРИЗ МИНИАТЮРА МАКТАБИ

ТАБРИЗ МИНИАТЮРА МАКТАБИ — ўрта асрларда Табризда шаклланган тасвирий санъатдаги услубий йўналиш. Илк намуналари 13-а. охири — 14-а. ларга мансуб. Энг ривожланган даври 16-а. нинг 30—40й. ларига тўғри келади. Табриз миниатюра мактаби санъатига дастлабки даврда Шарқ ва Ғарб. мамлакатлари, айниқса, Хитой миниатюрасининг таъсири кучли бўлган. Кейинчалик бу санъат анъаналари ижодий ўзлаштирилиб, янги образ тузилиши, ранглар гаммасига эга бўлган услуб яратилган. 14-а. да, айниқса, 16-а. да Табриз китобат санъатинит муҳим марказига айланган. 15-а. да марказ Ҳиротга кўчирилади, Ҳирот миниатюра мактабининг шаклланишига кучли таъсир кўрсатган. 16-а. да Табриз сафавийларнинг марказига айлангач, тасвирий санъат яна кжсадди. Султон Муҳаммад Табризий бошчилигидаги маҳаллий рассомларга Камолиддин Беҳзодниит бош қилиб тайинланиши, Ҳирот миниатюраси анъаналари билан Табриз миниатюра мактаби анъаналарининг қўшилиб кетиши юксак даражадаги китобат санъатини юзага келтирди: бадиий шакл мукаммаллашди, кўп шаклли мураккаб композициялар юзага келди, асарлар эпик характерга эга бўлди, тасвирда меъморий манзара кенг ўрин эгаллади, янги серҳашам безаклари, нафис ритми ва ёрқин бўёқлар тузилиши ўз навбатида миниатюранинг таъсирчанлиги ва жозибасини оширди. Анъанавий ишқий, мифологик мавзулар ўрнини сарой ҳаётини акс этгиришга интилиш эгаллади, мавзу доирасининг кенгайиши билан расмларда демократик оҳанглар, халқ ва унинг урфодатлари, реал кундалик ҳаёти ва табиат манзаралари ҳам ўз аксини топди, алоҳида варакларда асарлар яратилди, дабдабали портрет юзага келди. Султон Муҳаммад, Оға Мирак, Крсим Али, Мир Сайд Али ва бошқалар Табриз миниатюра мактабининг йирик вакилларидир. Табриз миниатюра мактаби намояндалари «Шоҳнома» (1524, СанктПетербург), Низомийнинг «Хамса»си (15-а. охири — 16-а., Истанбулдаги Тўпқопу саройида), Рашидуддиннинг «Жомиъ аттаворих» (1528—29, Россия миллий кутубхонасида) ва б. қўлёзма китобларни бадиий безаган. Табриз миниатюра мактаби ўрнини Исфаҳон миниатюра мактаби эгаллади. Бироқ Табриз миниатюра мактаби Эрон, Туркия, Ҳиндистон миниатюра санъатига яна кўп йиллар давомида таъсир кўрсатган.

Эльмира Исмоилова.