ТАЪБИРНОМА

ТАЪБИРНОМА — туш таъбирини баён қилувчи китоблар мажмуи. Таъбирномада туш ва унинг турлари, туш кўриш ҳолати ва пайтлари, таъбир айтиш усули ва шартлари баён қилинади. Таъбирнома асосида туш йўювчиларни таъбирчи, муаббир, рўёчи деб аташган. Таъбирчидан фолбинлик (туш кўрган одамнинг ағволи, мижози ва исмини яхши билиш, кўрилган нарсани яхши ва ёмон фол очиб, сўнгра таъбирини айтиш) талаб қилинган.

Энг қад. Таъбирнома хитойча «Ицзин» номли асардир. Туркий тилдаги дастлабки Таъбирнома 8-а. ўрталари — 9-а. бошларида Шаркий Туркистонда яратилган, асл номи «Ирқ битиги» («Фол китоби»)дир. У монийлик ва шаманлик ғояларини ўзида мужассамлаштирган. Китобнинг мақсади одамларни эзгуликка чорлаш, муайян ахлоқий принципларни тарғиб ва ташвиқ қилишдир. Қад. туркий даврдаги яна бир «Фол китоби» моний ёзувида битилган бўлиб, тахм. 9-а. бошларига мансуб. Унда қад. туркийларнинг маълум бир деталлар ёки ҳодисаларга асосланган ҳолда оламни англашга интилиши аён бўлади. Ушбу китобда буддавийлик оқимининг таъсири ҳам бор, чунончи, одам ҳар қандай вазиятда, яъни кўрган туши яхши ёки ёмон натижа келтиришидан қатьи назар, эзгу ишлар қилиши ва бурҳонлар хизматида бўлиши лозим. Умуман, эзгулик ва хайрли ишлар тўғрисидаги ўгитлар барча Таъбирнома ларнинг туб моҳиятини ташкил этади.

Таъбирномалар ичида форс тилидаги «Комил уттаъбир» ўзининг мукаммаллиги билан ажралиб туради. Бу китоб 20-а. бошларида тошкентлик Мулло Азимхонкрри бинни Мулло Юсуфхон томонидан ўзбек тилига таржима қилинган («Комил уттаъбири туркий», 1916). Насимхон Раҳмонов.