ТАБИИЙ ГЕОГРАФИК МИНТАҚАЛАР — географик қобиқнинг энг йирик зонал табиий географик бўлими. Ҳар бир Табиий географик минтақалар иссикдик ва намликнинг алоҳида режими, ҳаво массалари, уларнинг циркуляцияси, биогеокимёвий ва геоморфологик жараёнларнинг кетма-кетлиги, ўсимликларнинг вегетация даври, хайвонлар миграцияси, моддаларнинг айланма ҳаракати ва б. хусусиятлари билан фарқ қилади. Иклим омиллари, асосан, иссиклик ва намликка боғлиқ равишда ҳар бир Табиий географик минтақалар ичида табиий географик зоналар ажратилади. Минтакалар экватордан қутбларга ва tof этакларидан чўққиларга томон, шунингдек, паст атмосфера босимли стационар серёғин областлардан арид ландшафтли, обҳавонинг антициклон ҳолатдаги юқори босимли областлари томон ўзгариб боради.
Қуруқликда 1 экваториал ва 2 тадан субэкваториал, тропик, субтропик, мўътадил, субқутбий (субарктика ва субантарктика), қутбий (арктика ва антарктика) минтақалар ажратилади. Қуруқликдаги Табиий географик минтақаларга ўхшаш минтақалар Дунё океанида ҳам кузатилади. Уларнинг жойлашган ўрни радиация баланси оқибатида келиб чиқадиган иссиқлик, буғланиш, булутлилик, сувнинг шўрлиги ва зичлиги билан, эсадиган шамоллар ва денгиз оқимлари, сувнинг вертикал циркуляцияси, таркибидаги кислород, планктон ва организмлар микдори билан белгиланади. Одатда, бу шароитлар кенгликлар бўйича астасекин ўзгаради, денгиз оқимлари эса Кориолис кучига мувофиқ тарзда ўз минтақа чегарасидан чиқиб бошқа минтақа хусусиятларига ҳам сезиларли таъсир кўрсатади. Шунинг учун, океанларнинг географик минтақаларини белгилашда асосий сув массаларининг конвергенция чизиғи, қутбий ўлкаларга яқин областлардаги кўп йиллик ва мавсумий музлар ва шу каби табиий чегаралар муҳим аҳамиятга эга. Яна минтақалар тўғрисида алоҳида мақолаларга қ. (Антарктика минтакаси, Арктика минтақаси ва ҳ. к.).