ТАБИБУЛЛАЕВ

ТАБИБУЛЛАЕВ Саъдихон (1906.05.6, Бухоро — 1992.11.9, Тошкент) — Ўзбекистон халқ артисти (1949). Бухоро педагогика билим юрти (1922— 24), Москвадаги Ўзбек драма студияси (1924—27)да ўқиган. 1927—92 й. лар Ҳамза театрининг актёри. Асосий роллари: Табиб (В. Ян, «Ҳужум»), Ёсуман (А. Навоий, «Фарҳод ва Ширин»), Хлестаков (Н. Гоголь, «Ревизор»), Ҳасан элликбоши (Ҳамза, «Бой ила хизматчи»), Яхшивой (К. Яшин, «Номус ва муҳаббат»), Мансур (Уйғун, И. Султон, «Алишер Навоий»), Мирзакаримбой (Ойбек, «Қутлуғ қон»), Сухсуров (А. Қаҳҳор, «Тобутдан товуш»), Масхара (У. Шекспир, «Қирол Лир»), Мусулмонқул (И. Султон, «Абдулла Қодирийнинг ўтган кунлари»), Ислом ота (Ҳ. Муҳаммад, «Хотинлар «гап»идан чиққан ҳангома») ва б. Масхара образида қаҳрамонининг бўрттирилган сатирик хусусиятларини чуқур фожиавийлик билан уйғунлаштиради. Образ табиати, кўриниши, хаттиҳаракатлари, нутқининг равонлиги, сержило овози, гримларини либосга узвийлигини таъминлаш Табибуллаев ижодига хосдир. Унинг ижросидаги каттакичик, ҳатто увоқ образлар ҳам спектакдда мухим аҳамият касб этган. Руҳи баланд ва меҳнаткаш, ҳаётда хўрланган, жамиятда камситилган кимсалар қиёфасини гавдалантириш билан бирга калондимоғ ва буқаламунлик, риёкорлар ички ва ташқи оламини очишда ноёб усуллар танлай билган. У бир қанча фильмларда ҳам суратга тушган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1967). Тошпўлат Турсунов.