ТАБИАТ ЁДГОРЛИКЛАРИ

ТАБИАТ ЁДГОРЛИКЛАРИ — жонли ва жонсиз табиат яратган ноёб, диққатга сазовор объектлар: ғорлар, шаршаралар, ажойиб шаклли қоятошлар, даралар, гейзерлар, булоклар, очилиб қолган жойлар, катта ёшли улкан дарахтлар. Табиат ёдгорликларидан илмий, эстетик, рекреация, саёҳат, туризм, истироҳат, тарбиявий мақсадларда фойдаланилади. Узбекистонда бундай Табиат ёдгорликларидан жуда кўп: қад. одамларнинг қолдиқлари топилган Тешиктош ғори, Сайроб, Бойсун, Хўжакентдаги қад. чинорлар, Қўйтош, Қирққиз, Одамтош, Хўжакентдаги қоятошларга чизилган расмлар шулар жумласидандир. Мамлакатда 400 дан зиёд Табиат ёдгорликлари рўйхатга олинган. Табиат ёдгорликлари давлат томонидан қўриқланади.