ЎХШАШЛИК НАЗАРИЯСИ

ЎХШАШЛИК НАЗАРИЯСИ — физик ҳодисаларнинг ўхшаш шароитларини миқдорий жиҳатдан тадқиқ қилиш усулларини ишлаб чиқиш билан шуғулланадиган таълимот. Физик ўхшашлик турдош ҳодисалар орасидаги мувофикликни, яъни бир физик ҳодисанинг барча миқдорий кўсаткичлари мутаносиб равишда ўзгартирилиши натижасида ҳосил бўлишини билдиради. Ўхшашлик назариясининг асосий вазифаси турли физик ҳодисаларнинг ўхшашлик мезонларини аниқлаш ва шу мезонлар ёрдамида ҳодисаларнинг ўзини ўрганишдир. Физик ҳодисалар, жараёнлар ва системалар ўхшашлиги бир система ҳолатини ифодаловчи ўзгарувчи катталикларнинг вақтнинг ўхшаш пайтларида фазонинг ўхшаш нуқталаридаги қийматлари бошқа системанинг худди шундай катталикларига мутаносиб бўлишига асосланди. Катталикларнинг ҳар бирига тегишли мутаносиблик (пропорционаллик) коэффициенти ўхшашлик коэффициенти дейилади.

Физик ўхшашлик геометрияда биз яққол ва содда равишда кўрадиган геометрик ўхшашликнинг умумлашмасидир. Геометрик ўхшашликда ўхшаш фигуралар ёки жисмларнинг ўхшаш геометрик элементлари орасида мутаносиблик (ўхшашлик) бўлади. Майдоннинг физик ўхшашлигида икки системанинг мос физик параметрлари фазо ва вақтда ўхшаш бўлади. Мас, кинематик ўхшашликда қаралаётган икки ҳаракат учун тезликлар майдоннинг ўхшашлиги мавжуд бўлади; динамик ўхшашликда эса таъсир қилаётган турли табиатли кучлар (оғирлик кучлари, босим кучлари, ёпишқоқлик кучлари ва шаҳри ў.) ёки кучлар майдонининг ўхшашлиги амалда бўлади; механик ўхшашлик (мас, икки суюқлик ёки газ оқимининг, икки эластик системанинг ўхшашлиги) амалда бўлиши учун геометрик, кинематик, динамик ўхшашлик мавжуд бўлиши керак; электродинамик ўхшашликда — ток, кучланиш, қувват майдонларининг ўхшашлиги бўлиши керак. Бу ўхшашликлар физик ўхшашликнинг хусусий кўринишидир.

Механик, иссиқлик ва кимёвий ҳодисаларнинг мажмуидан иборат мураккаб физик ва физиккимёвий жараёнларни тадқиқ қилишнинг ривожланиши муносабати билан жараёнлар учун Ўхшашлик назарияси усуллари ҳам такомиллашиб борди, мас, машина деталларининг ишқаланиш ва емирилиш жараёнлари, физиккимёвий ўтишлар кинетикаси жараёнлари ва бошқалар ҳодисаларнинг ўхшашлик шароитлари аниқланади. Ўхшаш ҳодисаларни ифодаловчи барча параметрлардан тузиш мумкин бўлган барча ўлчовсиз комбинациялар ўхшаш ҳодисалар учун бирдай сон қийматларга эга бўлади. Қаралаётган ҳодисаларни аникловчи параметрлардан тузилган ўлчовсиз комбинациялар ўхшашлик мезонлари деб аталади. Ўхшашлик мезонларидан тузилган ихтиёрий комбинация ҳам кўрилаётган физик ҳодисалар учун ўхшашлик мезони бўла олади.

Агар кўрилаётган физик ҳодисалар ёки системаларда барча мезонлар эмас, улардан баъзилари тенг бўлса ўхшашлик қисман ўхшашлик деб юритилади. Ана шундай ўхшашлик амалда энг кўп учрайди. Бундай тенглиги сақланмайдиган мезонларнинг физик жараёнларга кўрсатадиган таъсири сезиларли бўлмаслиги ёки иккинчи даражали бўлиши керак.

Ўхшашлик мезонига кирувчи ўлчамли физик параметрлар ўхшаш системалар учун бир-биридан катта фарқ қилувчи қийматлар олиши мумкин, фақат ўлчамсиз ўхшашлик мезонларигина бирдай бўлиши керак. Ўхшаш системаларнинг ана шу хоссаси моделлаш усули га асос қилиб олинган.