ЎНГЎН

ЎНГЎН, ўнғўн, уйғун, онгон — тотем. Қадимда туркиймўғул халқлари назарида қабилага асос бўлган ва муқаддас ҳисобланган ҳайвон ёки ўсимлик. Мас, ўғузларда исломият даврида ҳам тотемизм қолдиқлари сақланган. Ҳар бир уруғ биронбир қушни ўзи учун муқаддас санаган, уруғ аъзолари бу қушга тегишмаган, унинг гўштини ейишмаган. Бундай тотемни ифодалаш учун Ўнгўн атамаси қўлланилган. Бундан ташқари, умумий зиёфатлар пайтида муайян уруғ гўштнинг қайси қисмини олиш ҳуқуқига эгалиги ҳам белгилаб қўйилган. Ўнгўнлар ва гўшт қисмлари Ўғузхон фарзандлари сонига кўра, 6 хил қилиб фарқланган (яна қ. Тамға).