ЎТТОШ КАСАЛЛИГИ

ЎТТОШ КАСАЛЛИГИ, холелитиаз — организмда моддалар алмашинуви бузилиши натижасида ўт пуфаги ва ўт йўлларида тош пайдо бўлиши, уларда ўт димланиб қолиши билан кечадиган касаллик. Касаллик аёлларда кўпроқ учрайди. Секин-аста ривожланади. Кўпинча бемор бир неча йил давомида ўнг қовурғалари остида оғирлик сезиб юради, оғзи тахирлашиб, жиғилдони қайнайди (хусусан, қовурилган, дудланган, тузланган маҳсулотлар истеъмол қилинганида). Бу Ў. т. к. нинг дастлабки аломатлари бўлиб, касаллик кечиктириб юборилганда ўнг қовурғалар ости санчиб, оғриқ қорин, ўнг курак, ўнг елка, ўмров ва кураклараро соҳага тарқалади. Бу аломатлар ўт пуфагида тош пайдо бўлганлигини билдиради. Тошлар сони ва каттакичиклиги ҳар хил, таркибига кўра бир хил (холестеринли, ўт пигментли. кальций тузли ва бошқалар) ва аралаш бўлади.

Ҳаддан ташқари кўп овқат ейиш, шунингдек, кам ҳаракат қилиш натижасида ўт димланиб қолиши ҳам Ўттош касаллигига олиб келиши мумкин. Ўт димланиб қолишига ўт пуфаги ва ўт йўлларининг яллиғланиши, уларда анатомик ўзгаришлар пайдо бўлиши (чандикланиш, битиб қолиш) ва бу аъзолар ҳаракатининг сусайиши (бир маромда овқатланмаслик, қорин дам бўлиши, қабзият ва бошқалар) сабаб бўлади. Овқатнинг хили, кишининг ирсий хусусиятлари, семиришга мойиллик ва бошқалар Ўттош касаллигига сабаб бўлиши мумкин. Моддалар алмашинувининг бузилиши, ўт димланиб қолиши натижасида ўт таркибида ўт кислота миқдори камаяди; бу эса ўт пигментлари — холестерин ва билирубиннинг чўкиб, улардан тош пайдо бўлишига олиб келади. Ўт кислота миқдори истеъмол қилинадиган ёғ таркиби ва миқдорига маълум даражада боғлиқ; овқат таркибида ёғ кўп ёки кам бўлганида ҳам тош ҳосил бўлади. Ўттош касаллигида бемор врач буюрган овқатланиш тартибига қатъий амал қилиши зарур. Бадан тарбия билан шуғулланиш, семирмаслик чорасини кўриш Ў. т. к. нинг олдини олишда аҳамиятга эга. Касаллик хуружида спазмолитик дорилар, яллиғланишга қарши антибиотик ва сульфаниламидлар қўлланади. Касаллик узоқ давом этса ва асорат берса, операиия қилинади.