ЎТТИЗ ЙИЛЛИК УРУШ

ЎТТИЗ ЙИЛЛИК УРУШ (161848) — габсбурглар блоки (Папалик ва Речь Посполита томонидан қўллабқувватланган Испания ва Австрия габсбурглари, Германиянинг католик князлари) билан габсбургларга қарши коалиция (Англия, Голландия ва Россия қувватлаб турган герман протестант князлари, Франция, Швеция, Дания) ўртасидаги уруш. Габсбурглар блоки католицизм тарафида, габсбургларга қарши коалиция эса (айниқса, урушнинг бошланиш пайтида) протестантизм байроғи остида ҳаракат қилган. Бу уруш бир неча даврларга бўлинган: Чехия даври (1618—23) — габсбургларга қарши Чехия қўзғолони (1618—20) ва чехларнинг Белая Гора яқинида мағлубиятга учраши (1620),Дания даври (1625— 29) да габсбурглар блоки қўшинлари (қўмондонлари А. Валленштейн, И. Тилли) Данияни енгиб, Германия ҳудудидан данияликларни қувиб чиқарган; Швеция даври (1630—35) да швед армияси (қўмондони Густав II Адольф) Германияга босиб кириб, Брейтенфельд (1631), Лютцен (1632) ёнида ғалаба қилган, аммо Нёрдлинган (1634) яқинида мағлубиятга учраган; ФранцияШвеция даври (1635—48)да Франция урушга кириши билан габсбургларга қарши коалициянинг устунлиги яққол кўринди. Натижада габсбургларнинг «жаҳоншумул империя» тузиш ва миллий давлатларни бўйсундириш ҳақидаги режалари барбод бўлди, сиёсий ҳукмронлик Франция қўлига ўтди. 1648 йил Вестфалия сулҳи билан тугаган.