ЎТРОР

ЎТРОР, Турарбанд, Тарбанд, Ўтрортепа — қадимий шаҳар харобаси (мил. ав. 1-аср — мил. 16-аср). Жанубий Қозоғистондаги Арис дарёсининг Сирдарёга қуйилиш жойида. Ўтрор 3 қисм (арк, шаҳристон, рабод)дан иборат бўлиб, буржлар билан мустаҳкамланган мудофаа девори ва хандақлар билан ўралган. Ўтрордан кўчалар, ҳаммом, турар жой бинолари қолдиқлари, уйрўзғор, заргарлик буюмлари, камон ўқлари ва бошқалар топилган. Мўғуллар истилосига қадар Хоразмшоҳлар давлатининг савдо ва ҳунармандчилик шаҳарларидан бири бўлган. Ўтрормудофаасидан сўнг мўғуллар томонидан вайрон қилинган. Оқ Ўрда хонлари уни 14-аср да тиклаганлар. Бу даврда масжид, мадраса, хонақоҳ қурилган. Амир Темур ва темурийлар даврида муҳим ҳарбий шаҳар, қалъа бўлган. Бу даврда Европадан Осиёга борадиган янги савдо йўли вужудга келган; у Волга соҳилларидан Уралдаги Саройчик шаҳри орқали Кўҳна Урганч, Ўтрор ва Олмалиққа борган. Бу йўлдан мусулмон савдогарлари ҳам, европалик тижоратчилар ҳам фойдаланишган. Ўтрордан кўплаб алломалар етишиб чиққан; шаҳар ободлиги, чиройи билан ном чиқарган. 16-асрдаги ўзаро ички низолар пайтида ҳувиллаб қолган.