ЎТРОР МУДОФААСИ

ЎТРОР МУДОФААСИ — мўғуллар истилоси даврида Хоразмшоҳлар давлатига қарашли Ўтрор шаҳрини қаҳрамонона мудофаа қилиниши (1219 йил сентябр — 1220 йил март). Муҳаммад хоразмшоҳнинг Ўтрордаги ноиби Инолчик томонидан мўғул савдогарларининг ўлдирилиши ва молмулкларининг мусодара этилиши (1218 йил) Ўрта Осиёга истилочилик юришини бошлаш учун Чингизхонта баҳона бўлган. 1219 йил сентябр да мўғуллар шаҳарни қамал қилишга киришганлар. Инолчиқ ихтиёрида шаҳар мудофааси учун 20 минг кишилик қўшин бор эди. Шунингдек, Муҳаммад хоразмшоҳ Ўтрорга Қорача ҳожиб бошлиқ 10 минг аскарни кўмак учун жўнатган эди. Шаҳарни осонлик билан эгаллаш мушкуллигини фаҳмлаган Чингизхон ўғиллари Чиғатой ва Ўқтой бошчилигидаги қўшинларининг бир қисмини қолдирган. Шундан сўнг лашкарининг асосий кучларини 3 қисмга бўлган: бирини у катта ўғли Жўжихон бошчилигида Ўтрордан шим. даги Жанд ва Барчинлиғкентни бўйсундиришга юборган, иккинчисини — Улоқ нўён ва Сукету черби бошчилигида Ўтрордан жан. даги Банокат билан Хўжандни босиб олишга жўнатган. Ўзи эса кичик ўғли Тули ва машҳур Жебе нўён ва Субутой баҳодирлар билан Бухорога қараб юрган. Манбаларга кўра, Ўтрор қамали 5 ой давом этган. Мўғуллар шаҳарга оқиб кирувчи ариқларни кўмиб ташлашган, манжаниқлардан шаҳарга қарата тош ва ёнувчи моддалар ирғитганлар, қўрғон атрофидаги хандақлар тупроқ ҳамда шохшаббалар билан тўлдирилган, деворлар остидан лаҳимлар қазилган, теваракатрофдаги довдарахтлар кесилиб, узун, улама қамал шотулари ясалган.

Ўтрор мудофааси даврида нафақат қамалдагилар, балки мўғуллар ҳам катта талафот кўришган. Қамалдагиларнинг сафи кундан кун сийраклашиб, озиқ-овқат танқислиги кучайган. Ўтрор мудофаасининг энг оғир пайтида Қорача ҳожиб шаҳарни мўғулларга топширишни таклиф қилган, аммо Инолчиқ бу таклифни рад этган. Шунда Қорача ҳожиб ўзига қарашли 10 минг аскари билан Сўфийхон (Сўфихона) дарвозасидан чиқиб мўғулларга таслим бўлган. Бироқ хиёнаткорликни мўғуллар ҳам кечиришмаган, улар Қорача ҳожиб ва унинг аскарларини қатл этишган. Мўғул қўшини манжаниқ ва арродалар ёрдамида шаҳар деворларидан рахналар очиб ичкарига ёпирилиб кирган. Инолчиқ 20 минг аскари билан шаҳар ичидаги мустаҳкам қалъага кириб олиб, яна 1 ой давомида сон жиҳатдан ўзидан бир неча юз баробар ортиқ ғаним билан қаҳрамонона жанг қилган. Чиғатой Инолчиқни тириклайин ушлашни буюрган. Чиғатой ва Ўқтой уни қўлга олиб Самарқандга Чингизхон ҳузурига келтирганлар. Ўтрор мудофааси раҳбари бешафқат қатл этилган.

Ад. Буниёдов Зиё, АнуштагинХоразмшоҳлар давлати (1097—1231), Т., 1998.

Фахриддин Ҳасанов.