ЎТРОҚЛИК

ЎТРОҚЛИК — маълум бир ҳудудда узоқ вақт турғун ҳаёт кечириш тарзи, кўчманчиликнинг акси. қадимий тош даври (палеолит)га мансуб ёдгорликларда ўтказилган археологик қазишмалардан аниқланишича, Ўтроқлик илк тош даврининг сўнгги босқичларидаёқ (мил. ав. 500 — 150 минг йилликлар) юзага кела бошлаган. Бир неча 100 минг йилликларни қамраган одамзоднинг узоқ ўтмишида ҳаёт тақозоси билан шаклланиб, унинг одатий турмуш тарзига айланган Ўтроқлик, шубҳасиз, табиатнинг инжиқ экологик ҳолати билан узвий боғлиқ ҳолда кечган. Ўтроқлик шакшубҳасиз, даставвал табиатга мутлақ боқим бўлган ночор инсон ҳаётида емак излаб топиш, уларни қўлга киритиш ва истеъмол қилишдек тирикчилик йўлидаги асосий муаммони биргаликда кўпчилик билан ҳал қилишда муҳим ўрин тутган. Шу билан бир қаторда Ўтроқлик одамзоднинг ижтимоий ва маънавий ҳаётида кескин ўзгаришларга олиб келган. Чунки кишилик тарихининг тадрижий тараққиёти давомида Ўтроқликнинг умумий ҳолати ва ҳаётий моҳияти ўзгариб борган. Шу боисдан Ўтроқлик шаклланиш, муқимланиш ва ривожланиш каби босқичларни ўтаган.

Археологик тадқиқотлардан маълум бўлишича, Ўтроқлик Ўзбекистон ҳудудларида, айниқса, ўрта палеолит даври (мустье — мил. ав. 150—60 минг йилликлар) ҳамда юқори палеолит (мил. ав. 50—12 минг йилликлар) мобайнида содир бўлган музлик даврларининг табиий шароитида муқимлашади. Узоқ давр давомида бир жойда кечган ўтроқ овчилик оқибатида ибтидойй маскан саҳнлари остида қалин маданий қатламлар ҳосил бўлган. Бундай маданий қатламлар Ўтроқлик ва у билан боғлиқ кечган ибтидоий одам тўда ва тўпларининг ҳаётини ўрганишда нодир манба ҳисобланади. Маданий қатлам қатларида сақланган ашёвий топилмалар (тош қуроллар, турли хил ҳайвонларнинг минераллашган суяклари, ўсимлик қолдиқлари ва бошқалар) ибтидоий одамларнинг турмуш тарзи билан бир қаторда узоқ ўтмишнинг табиати, хусусан, об ҳавоси, флора ва фаунасининг умумий манзарасидан гувоҳлик беради. Мас, Тошкент вилоятининг Оҳангарон водийсида Қизилолмасой ёқасида қайд этилган Кўлбулоқ маконида ўтказилган археологик қазишмалардан маълум бўлишича, ёдгорлик остида 20 м дан ошиқроқ қалинликда маданий қатлам юзага келган. Ашёвий топилмаларнинг гувохлик беришича, ЧатқолҚурама тоғ этакларида қарор топган бу ибтидоий масканда одамзод кўл ёқасида қарийб 500 минг йил давомида муқим яшаб овчилик билан шуғулланган. Жаҳон археологиясида Кўлбулоқ макони ноёб ёдгорликлар қаторидан ўрин олган.

Ўтроқлик даврига мансуб ёдгорлик Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган Обираҳмат ғорида қайд этилиб, ўрганилган. У мил. ав. 55—35 минг йилликларга мансуб. Обираҳмат ғорида ҳосил бўлган маданий қатламнинг қалинлиги қарийб 10 м га боради. Юқори палеолит даврига оид бу қадимий масканда истиқомат қилган энг қадимий овчилар 20 минг йилдан зиёдроқ муддатда муқим ўтроқ ҳолда турли ҳайвонлар: архар, буғу ва бошқаларни ов қилиш билан кун кечирганлар. Қайд этилган антропологик (бош чаноқ бўлаги, тишлар ва елка суяклар каби) топилмалар Обираҳмат ғоридан бошпана сифатида фойдаланишган қадимий овчилар ақлли одам (пото 8ар1еп8)га мансуб эканидан далолат бермоқда. Шубҳасиз одам тўдаларининг минг йилликлар оша бир жойда муттасил биргаликда яшаши — Ў. туфайли қадимий одамни ҳозир замон инсонлари қиёфасига кириб боришга имкон берди, балки аёллар билан эркаклар ўртасида меҳнат тақсимотини юзага келтириб, уларнинг ижтимоий ҳаётига ҳам кучли таъсир этди. Ўтроқлик одам тўдалари ўртасида оила ва уруғдошлик муносабатлари шаклланишига олиб келди.

Ўтроқлик ҳозирги Ўзбекистон ҳудудларида, айниқса, неолит ва жез даврлари (мил. ав. 4—2 минг йилликлар)да кенгайиб, овчиликдан чорвачиликка, термачиликдан деҳқончиликка ўтилди. Айрим водий ва минтақаларда бу хўжаликлар асосида тарих саҳнасида қатор археологик маданиятлар шаклланди (қ. Калтаминор маданияти, Тузкон маданияти, Жойтун маданияти, Саразм, Сополлитепа, Замонбобо маданияти, Тозабоғёп маданияти, Сувёрган маданияти, Амиробод маданияти ва бошқалар). Дарё водийлари бўйлаб бир нечта ўтроқ қишлоқлар юзага келиб, айрим деҳқончилик воҳалари шакллана бошлади. Одамзод эндиликда табиат боқимидан, яратувчилик босқичига кўчди. Одамзоднинг ижтимоий ҳаётида уруғаймоқчилик муносабатлари такомиллашиб, ота уруғдошлиги (патриархат) даври бошланди. Воҳаларда ўтроқ деҳқон жамоалари ташкил топди. Жез даври охирларида деҳқончилик ва чорвачилик кенгайиб, хўжалик юритишнинг ҳаётий асосий йўналишига айланди, ҳунармандчиликнинг турли тармоклари (кулолчилик, мисгарлик, ёғочсозлик, қуролсозлик ва бошқалар тармоқлари) ривож топди. Айни вақтда кетмон (мотига) билан экин ерларини ағдариб, уларга ишлов бериш, дарё тармоқлари, сой жилғаларидан канал қазиб чиқариб, суғорма деҳқончиликка ўтилди. Сурхондарё водийсида Сополлитепа ва Жарқўтон, Самарқанд яқинида Саразм ёдгорлигида қазиб очилган гувала ва пахсадан бино қилинган бир хонали уй ва атрофи девор билан ўралган истеҳкомли турар жойларнинг қолдиқлари; Хоразм, Бухоро, Тошкент ва Фарғона водийсининг айрим туманларида тадқиқ этилган ярим ертўла шаклидаги бошпаналар; меҳнат ва жанговар қуроллар, зебзийнат буюмлари, ёрғучоқ ва ёрма тошлар ҳамда суғориш тармоқларининг қуруқ излари мил. ав. 2 минг йилликка мансуб ўтроқликнинг ашёвий қолдиқларидир.

Мил. ав. 1-минг йилликнинг бошлари (темир даври)да ишлаб чиқарувчи хўжаликларда қурол ва асбоблар ясашда темирдан фойдаланишга ўтилиши, деҳқончилик ва чорвачиликдан ҳунармандчиликнинг алоҳида хўжалик сифатида ажралиши тараққиётнинг турли тармоқлари ривож топиб, қадимий шаҳарлар (Самарқанд, Бухоро, Хива, Кеш, Нахшаб, Кат ва бошқалар) қад кўтаради. Ўтроқ суғорма деҳқончилик маданияти кенгайиши асосида ўтроқ қишлоқ жамоалари ривожланиш йўлига ўтиб, у ўтроқ, деҳқончилик, шаҳарсозлик ва дашт йўли бўйлаб чорвачилик каби 3 йўналишда тараққий эта бошлайди. Шундай қилиб, Ўтроқлик туфайли тамаддунга асос солинади. Натижада шаҳарсозлик ривож топиб, шаҳарларнинг сони ортади ва гавжумлашади. Ҳатто йирик шаҳарлар айрим деҳқончилик воҳаларининг марказига айланади. Шаҳарларда ички айирбош савдо ва минтақалараро ташқи савдо юзага келади. Шу билан бир қаторда дарё ва сойлардан йирик суғориш т|армоқлари чиқарилиб, суғорма деҳқончилик майдонлари кенгаяди, мулкчиликнинг жамоа, хусусий ва ибодатхоналарга тегишли ерлар каби турли шакллари пайдо бўлади/ Айрим воҳа, элюрт бошқарувининг ўзига хос тизимлари юзага келиб, дастлабки ҳарбий демократик давлатлар ташкил топади (Хоразм, Бақтрия давлатлари, Суғд ва Чоч конфедерацияси ва бошқалар).

Қад. ва ўрта асрлар давомида Марказий Осиёнинг кенг ҳудудларини ўз тасарруфи остида бирлаштирган ва 3 тараққиёт йўналиши (ўтроқ деҳқончилик, шаҳарсозлик, кўчманчилик) асосида шаклланиб ривож топган Қанғ, Кушон, Эфталийлар, Турк хоқонлиги, Сомонийлар, Қорахонийлар, Амир Темур ва Темурийлар каби йирик давлатлар ташкил топади.

Шубҳасиз, бу даврларда водий ва воҳа аҳолисининг асосий қисми (хоразмликлар, бахтарликлар, суғдийлар, фарғоналиклар ва чочликлар) ўтроқ яшаб, деҳқончилик ва ҳунармандчилик билан ҳаёт кечирганлар. Воҳаларга туташган дашту чўлларда истиқомат қилган қабилалар эса чорвачилик билан шуғулланиб, ўтлоқ яйловлар оралаб бир ердан иккинчи ерга кўчиб юрганлар. Воҳалар атрофида ярювчи аҳоли эса ярим Ўтроқликда яшаб, уларнинг хўжалигида чорвачилик билан бир қаторда деҳқончилик ҳам муҳим ўрин тутган. қадимий ва ўрта асрларда ҳунармандчилик, деҳқончилик мамлакатлараро ташқи савдо алоқаларининг янада кенгайиб гавжумлашуви билан Ўтроқлик янада кучайиб, деҳқончилик қишлоқлари ва ҳунармандчилик шаҳарларининг сони кўпайиб, улар гавжумлашган. Бироқ, аҳолининг маълум бир қисми (асосан, чўл ва даштликлар) то 20-асрга қадар кўчманчилик билан кун кечирганлар. Йиллар ўтиши билан, ўтроқ халқлар маданиятининг таъсири остида, кўчманчи ва ярим ўтроқ бўлиб қолган аҳоли воҳалар атрофидаги жойларни эгаллаб, шу ерларда аста-секин ўтроқлашиб қолган.

Ўзбек халқининг асосий қисми қадимдан ўтроқ яшаб келган. Булар юқори маданиятга эришган Ўрта Осиё халқлари бўлиб, деҳқончилик, ҳунармандчилик, меъморлик, ёзув ва бошқалар маданият турлари жуда тараққий этган. У деҳқончилик, ҳунармандчилик ва шаҳарсозлик маданиятини юқори даражага кўтариб, юксак давлатчиликни барпо этган.

Ад:. Гумилев Л. Н., Древние тюрки, М., 1961; Сулейманов Р. Х., Статистическое изучение культурм грота ОбиРахмат, Т., 1972: Бун иётов 3 . М., АнуштегинХоразмшоҳлар давлати (1087—1231), Т., 1998; Грот ОбиРахмат, Новосибирск, 2004.

Абдулаҳад Муҳаммаджонов.