ЎТЛОҚШУНОСЛИК

ЎТЛОҚШУНОСЛИК — ўтлоқ ва яй ловлар ҳақидаги таълимот; геоботаника (биогеоценология)нинг бир бўлими; ўтлоқчиликнинг илмий асоси. Ўтлоқ хилларини ва уларнинг жойлашиш қонуниятларини аниқлаш ҳамда тавсифлаш; ўтлоқ биогеноценозларининг таркиби ва динамикасини аниқлаш, ўтлоқ ўсимликларининг биологик, экологик ҳамда хўжалик хусусиятларини ўрганиш; яйлов ва пичанзорлардан емхашак сифатида фойдаланиш, мавжуд зарарли ва заҳарли ўсимликларни, табиий ўтлоқ турларини ўрганиш, ўтлоқларда паспортлаштириш ва инвентаризация ишларини ташкил қилиш, яйлов турларини таҳлил қилиш ва бошқалар билан шуғулланади. Ўтлоқшуносликнинг асосий вазифаси ўтўсимликлардан энг кўп миқдорда яйлов ўти, пичан ва озуқа турларини олиш, емхашак етиштиришнинг таркибий қисми тарзида табиий пичанзорлар ва яйловларни яхшилаш, маданий пичанзор ва яйловлар барпо этиш, улардан оқилона фойдаланиш бўйича чоратадбирларни ҳам қамрайди.

Ўтлоқшунослик тарихи жуда кўҳна. Узоқ асрлар давомида чорва моллари йил бўйи ўтлоқ (яйлов)ларда боқилган (қиш ойларида моллар қор остида қолган ўтлар пояси ва барги билан озиқланган). 20-аср бошларидан айрим мамлакатларда моллар ёзда ўтзор яйловларда боқилиб, қиш даври учун ўтлоқлардан пичан тайёрлашга ўтилди. Ўтлоқларни қуритиш, сувли қилиш, янги ўт турлари ва навларини экиш тадбирлари амалга оширилди. 1 га пичанзор ва яйловлар маҳсулдорлиги 4—6 минг озуқа бирлигига етказилди (суғорилганда 10 минг дан ортиқ). Ўзбекистонда Ўтлоқшунослик муаммолари бўйича илмий ишлар Ўзбекистон чорвачилик; пахтачилик; ғўза селекцияси ва уруғчилиги; қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий текшириш институтларида; Ўзбекистон ФА Ботаника инти, шунингдек, тажриба ст-ялари, тармоқ олий ўқув юртлари кафедраларида олиб борилади.