ЎТЛОҚИ ТУПРОҚЛАР

ЎТЛОҚИ ТУПРОҚЛАР — тупроқ типи; Капилляр намланишга сабаб бўлувчи сатҳи яқин (1—3 м) грунт сувлари таъсирида ҳосил бўлади. Бундай тупроқларда намлик кўплиги туфайли ўсимликлар яхши ўсади; ўсимлик қолдиқларининг аэроб парчаланиши ва тикланиш жараёни сувли ҳамда унга яқин горизонтларнинг глейланишига сабаб бўлади. Ўтлоқи тупроқларнинг чўл зонасидаги, бўз тупроқ ва баланд тоғли минтақлардаги типлари фарқланади. Чўл зонаси ҳамда бўз тупроқ минтақасидаги Ўтлоқи тупроқлар грунт сувлар режими ва уларнинг пайдо бўлиш шароитига қараб қайираллювиал, аллювиал ва саз (булоқ)ли бўлади. Қайираллювиал Ўтлоқи тупроқлар (чиринди қатлами 20—40 см) Амударё ва Сирдарёнинг дельта қисмида ҳамда бошқа дарёлар қайиридаги террасаларда тарқалган. Бу тупроқлар ҳар йилги ёки даврий бўлиб турадиган тошқин сувлардаги муаллақ оқизиқларнинг чўкишидан ҳосил бўлади. Аллювиал Ўтлоқи тупроқлар дарёнинг қуйи қайир усти террасалари ва дарёларнинг ҳоз. дельталарида тарқалган бўлиб, дарё режимидаги грунт сувлар таъсирида бўлади. Сазли Ўтлоқи тупроқлар (чиринди қатлами 30 см) тоғлардан оқиб тушувчи дарё ёйилмаларининг ўрта ва переферик қисмида, ёйилмалараро пастқамликлар, камданкам тоғ ёнбағирларидаги қияликларнинг қуйи қисмида, оқиб чиқиши ва кўтарилиши қийин саз режимдаги грунт сувли р-нларда тарқалган. Ўзбекистоннинг суғорма деҳқончилик зонасида умумий суғориладиган майдоннинг 50% га яқинини Ўтлоқи тупроқлар ташкил этади. Суғориладиган Ўтлоқи тупроқларда 1—2% чиринди, 0,08—0,15% га яқин азот, етарли миқдора ялпи ва ҳаракатчан калий бор. Ў. т. да фосфор темир ва алюминий оксидлари билан тез бирикиб, фосфорли ўғитлар самарадорлигини таъминлайди. Баланд тоғли ва бўз тупроқ минтақасидаги Ўтлоқи тупроқлар одатда, шўрланмаган, чўл зонасидагилари эса турли даражада шўрланган. Шўрланган Ўтлоқи тупроқларда дренаж асосида профилактик шўр ювиш чоралари қўлланилади.

Ходимат Махсудов.