ЎТЛОҚИ-БОТҚОҚИ ТУПРОҚЛАР

ЎТЛОҚИ-БОТҚОҚИ ТУПРОҚЛАР — грунт сувлар чуқ. 1 м гача бўлган шароитда ривожланадиган тупроқ типи. У. б. т. яхши структурали, чириндига бой чим қатламли ўтлоқи тупроқлар ҳамда ботқоқи тупроқлар глейланиш белгиларига эга. Ўтлоқи-ботқоқи тупроқлар бўз тупроқ ва чўл зонасидаги дарё қуйи террасалари ҳамда дельта қисми аллювиал ётқизиқлари устида шаклланади. Пролювиал ётқизиқлардаги ўтлоқи тупроқларнинг айрим пастқамликларини эгаллаган. Суғорма деҳқончилик зоналаридаги Ўтлоқи-ботқоқи тупроқлар қисман ўзлаштирилиб шоли, қуритилганидан кейин эса бошқа экинлар экилади. Ўтлоқи-ботқоқи тупроқларнинг жуда намлиги, чириндига бойлиги туфайли экинлар ғовлаб кетади, натижада ҳосил етилиши кечикади. Ўтлоқи-ботқоқи тупроқлар унумдорлигини ошириш учун уларни қуритиш, ҳайдалма қатлам чуқурлигини глейли қатлам ҳисобига аста-секин ошириш, сифатли ишлов бериш лозим. Шўрланган Ўтлоқи-ботқоқи тупроқлар нИ катта нормада ювиш талаб қилинади (қ. Ер шўрини ювиш).