ЎТКИНЧИ БАЛИҚЛАР

ЎТКИНЧИ БАЛИҚЛАР — балиқларнинг экологик гуруҳи; увилдириқ ташлаши даврида денгизлардан дарёларга (анадром миграция) ёки дарёлардан денгизларга (катадром миграция) кўчиб ўтади.

Анадром миграция сельдсимонлар, лососсимонлар, осётрсимонлар ва бошқалар баликлар учун хос. Бу баликдарнинг бир қисми кузда жинсий ҳужайралари етилмасдан олдин дарёларга ўтиб, баҳорда кўпайишга киришади (қишки ирқлар); бошқа қисми баҳорда жинсий ҳужайраси етилиш олдидан дарёларга ўтади ва тезда кўпайишга киришади (баҳорги ирклар).

Катадром миграция айрим буқабалиқлар, дарё илон балиғи (угор) ва тропик лаққа балиқлар учун хос. Ўткинчи балиқлар6., одатда, сув шўрланишининг кенг миқёсда ўзгаришига мослашиш хусусиятига эга. Кўплаб ҳар хил тўсиқлар (кучли оқим, шаршаралар, саёзликлар)ни ўтиши учун жуда куп энергия сарфланиши сабабидан Ўткинчи балиқлар миграция олдидан захира озиқ (асосан, ёғ) тўплайди. Ўткинчи балиқлар увилдириқ ташлайдиган жойлар муҳофаза қилинади.