ЎТКАЗУВЧИ ТЎҚИМАЛАР

ЎТКАЗУВЧИ ТЎҚИМАЛАР — ўсимликлар пояси (танаси) бўйлаб сув ва унда эриган минерал моддаларни илдиздан ер устки қисмларга ва баргларда синтезланадиган моддаларни ўсимликларнинг бошқа қисмларига ўтказувчи тўқималар. Ў. т. ҳар хил шаклдаги чўзиқ (прозенхима) ҳужайралардан тузилган. Ўтказувчи тўқималар механик ва паренхима тўқима билан бирга яхлит ёки боғлам бўлиб жойлашади. Ўтказувчи тўқималар прокамбий ва камбийлш пайдо бўлиб, ўсимликнинг барча органларини ўзаро боғлайдиган бутун системани ҳосил қилади. Ўтказувчи тўқималар ксилема ва флоэмадан иборат. Ксилема бўйлаб, асосан, сув ва минерал моддалар, флоэмадан кўпинча органик моддалар ўтади. Ўтказувчи тўқималар фақат ёғоч найчали ўсимликларда мавжуд. Йўсинсимонлар ва тубан ўсимликларда Ўтказувчи тўқималар бўлмайди.