ЎТИН

ЎТИН — ёқилғи сифатида фойдаланиш учун мўлжалланган ёғоч (тахта, поя, шохшабба ва бошқалар). Ҳар хил жинсли дарахт танаси ва шохларини арралаб ва ёриб тайёрланади. Ўтин сифатида эман (дуб), қайин, қарағай, арча ва бошқалар игна баргли дарахтлар, терак, тоғтерак, тол, ток поялари, саксовул ёғочи ҳамда ўрик, ёнғоқ ва бошқалар мевали дарахтлар ёғочи ишлатилади. Ўзбекистонда, айниқса, арча, ёнғоқ, ўрик ёғочи, саксовул Ўтин сифатида қадрланади. Улар тандир, ўчоқ, қўрада нон ва сомса ёпиш, турли-туман овқатлар, кабоб ва тандир кабоб пишириш учун жуда қимматли ёқилғи ҳисобланади. Ўтиндан писта кўмир ҳам тайёрланади. Ўтиннинг ҳажми, асосан, саржин билан ўлчанади.

Юқорида санаб ўтилган барча жинсдаги ўтинбоп ёғочларнинг (саксовулдан ташқари) кимёвий таркиби ўхшаш бўлиб, тахм. 50 фоизини углерод ташкил қилади. Шунинг учун мутлақо қуруқ ҳолатдаги ёғочларнинг ёниш иссиқлиги деярли бир хил: 1 кг Ўтин ёнганда ажраладиган иссиқлик миқдори 18800 кЖ (4500 ккал)ни ташкил қилади (ҳар қайси жинсдаги дарахт ёғочи учун бундан 3—5% фарқ қилиши мумкин). Ҳозир ёқилғи сифатида газ, нефть, торф, кўмир, электр энергияси кўпроқ ишлатилгани туфайли Ўтиннинг ёқилғи сифатидаги аҳамияти камайган, лекин ўзбек миллий пазандачилигида Ўтиннинг қадри ҳали ҳам юқори.