ЎТЕНИЯЗ ЖИРОВ

ЎТЕНИЯЗ ЖИРОВ (1884 Қорақалпоғистон, ҳоз. Кегейли тумани Шўртанбой қишлоғи — 1970) — қорақалпоқ оқини. Эрпўлат оқиннинг шогирди. Ёшлигидан халқ қўшиқларига ҳавас қўйган. Дастлаб Бойниёз бахши (1875 — 1925) қўшиқларини ёд олиб, куйлаб юрган. 19 ёшларида устозидан қўбиз чалишни, «Алпомиш», «Эдига», «Шаҳриёр» каби достонларни ўрганган. Ўтенияз жиров «Жиянқулнома», «Туманбойнома», «Айтиворнома», «Эрмон жировнома», «Довулбой жировномаси», «Нурабулланинг йўли» каби қўшиқларни ижро этган. «Ўй дўғи», «Қанигул» ва бошқалар қуйларни яратган. Ўтенияз жировдан «Шаҳриёр» достонининг мукаммал варианти ёзиб олинган, рус ва ўзбек тилларига таржима этилиб, нашр қилинган. Ундан ёзиб олинган айрим достон, қўбиз куйлари, терма ва тўлғовлар Ўзбекистон ФА Қорақалпоғистон филиали қутубхонасида сақланади.