ЎТЕМУРОТОВ

ЎТЕМУРОТОВ Шомурот (1929.1.6, Қорақалпоғистон, Тахтакўпир тумани) — қорақалпоқ актёри. Ўзбекистон халқ артисти (1977). Тошкент театр ва рассомлик санъати интини тугатган (1955). 1955 йилдан Қорақалпоқ давлат мусиқали театрида актёр. Ў., асосан, комик роллар устаси сифатида танилган. Саттор (Ж. Оймурзаев, «Равшан»), Хон (Ш. Ҳусайинов, «Алдаркўса»), Эльбрус (Г. Хугаев, К. Плиев, «Хотинимнинг эри»), Судья (Г. Горин, «Оти ўчсин»), Дошум (С. Хўжаниёзов, «Суймаганга суйканма») каби образларда актёр маҳорати намоён бўлди. Ўткир характерли ҳамда самимий кулги уйғотувчи роллар билан бир қаторда чуқур драматик образлари («Келин»да Даримбет, «Яраланган юраклар»да Сапар ота ва бошқалар) билан ҳам танилди.