ЎТА ЮҚОРИ ЧАСТОТАЛАР

ЎТА ЮҚОРИ ЧАСТОТАЛАР — радиотехникада қўлланиладиган энг юқори частоталар соҳаси. Чегараси (30 МГц) 10 м ли тўлқинга мос келади; диапазони 10 м дан қисқа радиотўлқинларни қамраб олади. Ўта юқори частоталар диапазони тебранишларни уйғотиш, қабул қилиш ва кучайтириш усуллари ва тарқалиш шароитлари бўйича ушбу хусусиятларга эга:

1) электронларнинг учиш вақти (электрон асбобнинг катодидан анодигача ёки бошқа электродларгача масофани ўтиш вақти) тебранишлар даврига яқин бўлади. Шу сабабли, Ўта юқори частоталар соҳасида тебранишларни генерациялаш, кучайтириш ва ўзгартиришнинг махсус усуллари ва махсус асбоблар (клистрон, магнетрон ва бошқалар) дан фойдаланилади;

2) Ўта юқори частоталар диапазонида антеннанинг ўлчами тўлқин узунлигидан кўп марта катта бўлади. Шу туфайли, юқори даражада йўналган таъсирга эга ва антеннанинг кучайтириши катта бўлиши мумкин;

3) Ўта юқори частоталар диапазонида радиотўлқинларнинг ионосферада сезиларли синиши юз бермайди ва атмосферанинг юқори қатламларига тушиб, ерга қайтмайди. Шунинг учун бу тўлқинлар бевосита кўзга кўринадиган чегарадан унча кўп узоққа тарқалмайди.