ЎТА ЯНГИ ЮЛДУЗЛАР

ЎТА ЯНГИ ЮЛДУЗЛАР — ёрқинлиги кескин ўзгарувчи (чақновчи) юлдузлар. Уларнинг чақнаши портлаш ҳисобига юз беради. Портлаш туфайли бундай юлдузлар равшанлиги бир неча кун давомида ўнлаб млн. марта ортади. Портлаш юз бергандан кейин 2—3 ҳафта ўтгач, юлдузлар ўз равшанлигининг максимумига эришганда уларнинг мутлақ юлдуз катталиги 11 дан то 19 гача етади, сўнгра бир неча ой давомида ёрқинлиги 25—30 марта камаяди. Чақнаш давомида Ўта янги юлдузлар умумий нурланиш энергияси =1048 — 104’ эрг бўлади. Фан нуқтаи назаридан юлдузларнинг портлаши улар эволюциясининг охирги босқичида вужудга келадиган мувозанатсизликнинг оқибати деб қаралади.

Галактикада Ўта янги юлдузларнинг чақнаши бир неча юз йилда 1—2 марта кузатилиши мумкин. Астрономлар томонидан Галактикамизда ҳам бир неча Ўта янги юлдузларнинг чақнаши кузатилган. Булар ичида Савр юлдуз туркумида 1054 йилдан Хитой астрономлари томонидан кузатилган портлаш энг қувватли ҳисобланади. Бу юлдуз бир неча кун давомида, ҳатто кундузи ҳам кўриниб турган. 1572 йилда бошқа Ўта янги юлдузлар даниялик астроном Тихо Браге томонидан Кассиопея юлдуз туркумида, 1604 йилда эса Кеплер томонидан Илон Элтувчи юлдуз туркумида кузатилган.

Ўта янги юлдузлар равшанликларининг вақт бўйича ўзгариш табиати ва спектрига кўра икки турга бўлинади. Ўта янги юлдузларнинг 1тури 2турига нисбатан 5—10 марта равшан бўлиб, равшанликнинг максимумига тез эришади.