ЎТА ГИГАНТЛАР

ЎТА ГИГАНТЛАР — геометрик ўлчамларига кўра жуда улкан юлдузлар. Умуман юлдузлар ўзларининг геометрик ўлчамлари билан бир-бирларидан фарқ қилади. Агар юлдузлар массалари жиҳатидан Қуёш массасининг 0,1 дан 50 массасигача бўлса, улардан кўпчилигининг диаметри бир неча юз минг, ҳатто миллионлаб км га етади (Қуёшнинг диаметри 1 392 000 км). Қуёшга нисбатан ўлчамлари бир неча марта катта юлдузлар (Канопус, Арктур, Антарес) гигант юлдузлар бўлса, жуда кам учрайдиган баъзи Ўта гигантлар (Бетельгейзе) Қуёшнинг ўрнида бўлганида, Марс ҳатто Юпитер сайёралари орбитаси ҳам шундай юлдузлар ичида бўларди. Ўта гигантлар юлдузларнинг модда зичлиги Ер атмосфераси зичлигидан ҳам кам бўлиши мумкин. Ўртача юлдуз — Қуёшнинг зичлиги сув зичлигидан 1,4 марта ортиқ. Юлдузларнинг ичида зичлиги ниҳоятда катталари нейтрон юлдузлар ҳисобланади. Юлдузлар ўзларининг узоқ умрлари давомида ўз траларини ва ўлчамларини ўзгартирмайдилар. Лекин, марказларидаги ҳамма водород гелийга айлангач, тез катталашиб боради. Юлдуз сиртидаги т-ра камайиб, нурланиш энергияси бир неча марта ортади ва, ниҳоят, у қизил гигантга айланади. Булар марказидаги т-ра 100 млн. градусгача кўтарилади ва юлдуз ядросида гелийнинг углеродга айланиш реакцияси содир бўлади. Қизил гигант, ўзининг ривожланиш даврида маълум вақтни ўтгач, жуда катталашиб кетган ўз қобиғини ажратиб ташлайди ва планетар туманлик ҳосил бўлиб, унинг марказидаги юлдуз тобора кичиклашиб секин совиб бораётган ок митти юлдузга айланади. Бу ҳодисалар Ўта гигантларнинг юлдузлар эволюцияси назариясини яратишда муҳим объектлар бўлишидан далолат беради.