ЎТ УНИ

ЎТ УНИ — юқори ҳароратда қуритилган, майдаланган ўтлардан тайёрланадиган чорвачилик озуқа маҳсулоти. Ўт унини тайёрлашнинг технологик жараёни ўтларни ўриш (дуккакли ўсимликларни ғунчалаш, қўнғирбошлиларни бошоқлаш фазасида), майдалаш (ушоқлаш), қуритиш, ушоқларни туйиш, грағгула (донадор)лашдан иборат. Ўт унини тайёрлашда ўтлар махсус агрегатларда қуритилади ва майдаланади. Каротиннинг яхши сақланиши учун омборларда сақланадиган Ўт унига антиоксидантлар (сантохин ва бошқалар) қўшилади. Пояси қотмаган, барра, сербарг ўтлардан тайёрланган Ўт уни тўйимлилиги жиҳатидан кўплаб донли емлардан қолишмайди, ҳатто оқсил, минерал моддалар, витаминлар миқдорига кўра улардан устунлик қилади. 1 кг Ўт унида 0,7—0,9 озуқа бирлиги, 140—150 г ҳазм бўладиган протеин, 200—300 мг каротин, Е,К,В гуруҳ витаминлари бор. Ў. у. барча қ. х. ҳайвонлари емига қўшиладиган қимматли, протеинли ва витаминли қўшимча. Қорамоллар рационида 30—40% донли аралаш емни Ўт уни билан алмаштириш мумкин. Ўт уни қўшилган ем аралашмаларини витаминларга зарар етказмаслиги учун буғлаш ва қайнатиш мумкин эмас.

Талъат Акмалхонов.