ЎТ ПУФАГИ

ЎТ ПУФАГИ — одам ва кўпчилик умуртқали ҳайвонларда ўт йиғиладиган ковак аъзо. Одамларда Ўт пуфагининг уз. 10— 14 см, эни 3,5—4 см, сиғими 30 — 70 см3, нок шаклида. Ўт пуфагининг кенгайган қисми — туби, ўрта қисми — танаси ва торайган бўйин қисми тафовут қилинади. Жигарнинг остки қисми юзасида жойлашган. Ўт пуфагининг туби жигарнинг ўнг бўлаги остидан бир оз чиқиб туради. Унинг бўйин қисми ингичкалашиб бориб, Ўт пуфаги найига айланади. Бу най жигар дарвозасида ҳосил бўлган жигар ўт йўли билан бирлашиб, умумий ўт йўлини ҳосил қилади. Ўт йўлининг ўн икки бармоқ ичакка ўтиш ерида силлиқ мускулли қисқич бор, у ўт ва меъда ости бези ширасининг ичакка тушишини тартибга солиб туради. Ўт пуфагининг фақат пастки қисми қорин парда билан ўралган бўлиб, қолган қисми жигарга бириктирувчи тўқима ёрдамида ёпишиб туради. Ўт пуфаги девори сероз парда, жуда кўп бурмалар ҳосил қиладиган шиллиқ парда ва мускул қаватидан иборат. Ўт пуфагининг яллиғланиши холецистит деб аталади.