ЎТ ПИГМЕНТЛАРИ

ЎТ ПИГМЕНТЛАРИ — гемоглобиннинг парчаланишида ҳосил бўладиган азотли рангдор моддалар. Одам ва ҳайвон организмида, асосан, жигарда ҳосил бўлади, билирубин, биливердин ва бошқалар кўринишида ўт билан ажралади. Одам организмида суткасига тахм. 280 мг Ўт пигментлари ҳосил бўлади. Ўт пигментлари кислотали хусусиятга эга, металл билан туз (баъзан эримайдиган) ҳосил қилади. Шунга кўра, Ўт пигментлари ўт тоши (қ. Ўттош касаллиги) ҳосил бўлишида аҳамиятли. Ўт пигментлари нажас, қисман сийдик билан чиқарилади, шунинг учун улардан қатор касалликларни аниқлашда фойдаланилади. Қонда Ўт пигментлари миқдори ошганда бадан сарғаяди.