ЎТ КИСЛОТАЛАР

ЎТ КИСЛОТАЛАР — стероид монокарбон ва холат кислота маҳсули. Одам ва ҳайвонларнинг жигар ҳужайраларида ишланиб, ўт билан бирга ўн икки бармоқ ичакка қуйилади. Одам ўти таркибида, асосан, холат кислота, оз миқдорда дезоксихолат, литохолат ва хенодезоксихолат кислоталари бўлади. Ўт кислоталар ичакларда ёғ ҳазм бўлишини таъминлайди. Ёғларни эмульсия ҳолига келтиради, ичак липазасини (меъда ости бези ва ичак безларида ишланадиган ферментни) фаоллаштиради, ёғ кислоталарнинг сўрилишига ёрдам беради, ичак перистальтикасини оширади. Ўт кислоталарнинг умумий миқдори қонда ўртача 0,8 мг%, жигар ўтида — 0,9 — 1,8%, ўт пуфаги ўтида — 5,7 — 10,8%. Қонда Ўт кислоталар кўпайиб кетганда, сийдик билан чиқиб кетади, камайиши эса қатор ўзгаришларга, жумладан, ўт тоши ҳосил бўлиши ва бошқалар га сабаб бўлади.