ЎСИМЛИКШУНОСЛИК

ЎСИМЛИКШУНОСЛИК — маданий ўсимликларни етиштириш усуллари ҳақидаги фан. Тупроқшунослик, умумий деҳқончилик, қ. х. метеорологияси, ўсимликлар физиологияси, биокимёси, генетикаси, селекцияси, қ. х. микробиологияси, агрофизика, агрокимё, уруғчилик, ўсимликларни ҳимоя қилиш билан чамбарчас боғланган. Ўсимликшуносликнинг асосий тадқиқот объекти — қ. х. да экиладиган экинлар (тури, хили, нави, дурагайи), уларнинг биологияси; ташқи муҳит — агроэкологик шароитларга талабчанлиги ва бошқалар Замонавий Ўсимликшунослик шуғулланадиган асосий масалалар: экиладиган ўсимликлар таснифи (донли экинлар, илдизмевали ва туганак мевалилар, мойли экинлар, толали экинлар, емхашак ўтлари ва экинлари, наркотикалкалоидли экинлар); уларнинг биологик ва экологик хусусиятларини ўрганиш, навлар (дурагайлар)ни р-нлаштиришнинг илмий асослари, қимматли хўжалик белгиларига эга бўлган ўсимликлар интродукцияси, қ. х. экинларини етиштиришда интенсив технология (агротехника)ни ўрганиш ва ишлаб чиқиш; экиннинг тупроққа ва атроф муҳитга галаби; ўғитлар ва суғоришга муносабати; потенциал ҳосилдорлиги юқори бўлган тезпишар, касалликлар ҳамда зараркунандаларга чидамли навларни яратиш; янги навлар агротехникаси ва бошқалар Ўсимликшунослик айрим экинларнинг биологик хусусиятлари: вегетация даврининг давомийлиги; органогенез, ўсиш ва ривожланиш ритмлари; вегетация ва морфогенезнинг изчил кетмакет фазалари; илдиз системаси ва ассимиляцион сиртнинг ривожланиш динамикаси, қуруқ модда тўпланиши, ўсимликда фойдали хўжалик органлари ва қисмларининг шаклланиши; моддалар алмашинуви; сув ва озикланиш режими, совуқбардошлиги, қишлашга, қурғоқчиликка, шўрга ва бошқаларга чидамлиги ва бошқаларни ўрганади. Ўсимликшунослик экинларнинг экологик хусусиятларини ўрганишда қ. х. зонасидаги иқлим ва тупроқ омилларини баҳолаш орқали ўсимлик билан ташқи муҳит шароитлари ўртасидаги муносабатларни тадқиқ этади. Бунда экиш муддатлари, биринчи қузги қорасовуқ тушадиган давр, сув билан таъминланиш, тупроқ унумдорлиги ва бошқалар масалалар ўрганилади.

Қ. х. экинларини ўстириш технологияси ва маҳсулот етиштиришда У. ўрганадиган асосий масалалар: маҳаллий туттроқиқлим шароитларига мослашган ҳамда қимматли хўжалик ва биологик хусусияти билан ажралиб турадиган нав (дурагай)ларни танлаш; алмашлаб экишда энг яхши ўтмишдош танлаш; тупроқни ишлаш системаси ва ўғитларни қўллаш, уруғликни экишга тайёрлаш, экиш (муддатлари, уруғлик нормаси, экиш усуллари ва чуқурлиги), экинларни парваришлаш (тупроқни ишлаш, озиқлантириш, бегона ўтларни йўқотиш, ўсимликларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш, дефолиант ва десикантларни ишлатиш, экинларни ўсишни бошқарувчи моддалар билан ишлаш); ҳосилни йиғиб олиш (асосий ва ёрдамчи маҳсулотни йиғиштириш муддатлари ва уни ташкил қилиш, нобудгарчиликка йўл қўймаслик, далани анғиз қолдиқларидан тозалаш, тупроқни йиғимтеримдан кейин ишлаш), йиғилган ҳосилга дастлабки ишлов бериш ва ҳ. к.

Ўсимликшунослик бўйича тадқиқот ишлари дала, вегетацион ҳамда лаб. усуллари билан олиб борилади. Ўсимликшуносликда хўжаликлар ҳамда айрим ишлаб чиқариш новаторларининг илғор тажрибаларини ўрганиш ва илмий жиҳатдан умумлаштиришга катта ўрин берилади. Якунланган тадқиқотларнинг натижалари агротехника ва иқтисодий баҳолаш учун аниқ бир табиийиқлим шароитларида синаб кўрилади.

Ўзбекистонда Ўсимликшунослик фанига АЛ. Абдуллаев, А. В. Автономов, В. Зуев, А. Имомалиев, М. В. Муҳаммаджонов, Ж. К. Саидов, С. Х. Йўлдошев, С. М. Мирахмедов, Ш. Иброҳимов, С. Р. Муҳаммадхонов, З. У. Умаров, Ғ. Қурбонов, Ғ. Раҳимов, Д. Т. Абдукаримов, Ҳ. Отабоева ва бошқалар муҳим ҳисса қўшган.

Ўзбекистонда Ўсимликшунослик масалалари билан Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий ишлаб чиқариш маркази таркибидаги илмий муассасалар, қ. х. олий ўқув юртлари кафедралари шуғулланади. Ўсимликшунослик бўйича етакчи ин-т Ўзбекистон ўсимликшунослик институти. Ў. га оид илмийамалий ишлар «Узбекистон кишлок хўжалиги», «Ўзбекистон аграр фани хабарномаси» жур. ларида, олий ўқув юртларининг илмий тўпламларида босилади.

Ҳалима Отабоева.