ЎСИМЛИКЛАР

ЎСИМЛИКЛАР — тирик организмлар дунёси; фотосинтез қилиш хусусиятига эга бўлган автотроф организмлар (қ. Автотрофлар); ҳужайра пўсти, одатда, қалин целлюлозадан, захира озиқ моддаси крахмалдан иборат. Айрим Ўсимликлар (сапрофитлар, паразитлар) учун хос бўлган гетеротроф озиқланиш иккиламчи ҳисобланади. Ўсимликларга хос бошқа хусусиятлар (ўзига хос ривожланиш цикли, органларнинг шаклланиш йўли, ёпишиб яшаш ва бошқалар) ҳамма Ўсимликларга тегишли эмас. Лекин бу белгиларнинг мажмуи Ўсимликларни бошқа тирик организмлардан осон фарқ қилишга имкон беради. Фақат тузилишнинг қуйи, айниқса, бир ҳужайралилар даражасида Ўсимликлар билан бошқа организмлар ўртасидаги фарқ унча аниқ сезилмайди; шунинг учун эвгленасимон сувўтларни зоологлар бир ҳужайрали ҳайвонларга киритишади. Бир ҳужайрали Ўсимликларнинг бошқа бир ҳужайрали организмлардан асосий фарқи — хлоропластлар бўлишидир. Тузилиш даражаси орта борган сари Ў. билан бошқа организмлар ўртасидаги фарқ ҳам орта боради.

Ўсимликларнинг озиқланиш жараёнида атроф муҳитдан газсимон (фотосинтез) ва суюқ (сув ва унда эриган минерал тузлар) моддаларни шимиб олишга мосланиши натижасида уларнинг танаси юзаси тобора кенгайиб борган. Юксак ўсимликларда тана юзасининг кенгайиши ва ихтисослашуви тўқималар ва вегетатив органларнинг ривожланишига олиб келган (қ. Тўқима, Вегегпатив органлар). Ўсимликлар тузилишининг кўпчилик муҳим хусусиятлари уларнинг ўсиши ва кўпайиши, шунингдек, тарқалишига мосланиши билан боғлиқ.

Анъанага кўра, 20-асрнинг ўрталаригача барча ўсимликлар тубан (бактериялар, сувўтлар, замбуруғлар, лишайниклар) ва юксак ўсимликлар (йўсинлар, псилофитлар, плаунлар, қирқбўғимлар, қирққулоқлар, очиқ уруғлилар, гулли ўсимликлар)га ажратиб келинган. Ҳоз. бактериялар ва замбуруғлар алоҳида дунёга ажратилади. Ўсимликлар дунёси 3 кичик дунё: қизил сувўтлар ва юксак Ўсимликларга бўлинади. Бу кичик дунёлар 350 000 турдан иборат барча Ўсимликларни ўз ичига олади.

Ўсимликларнинг келиб чиқиши ерда ҳаёт пайдо бўлишининг илк ривожланиш даврларига тўғри келади. Бунда Архей эрасида (бундан 3 млрд. йил олдин) кўкяшил сувўтлар (цианобактериялар)га ўхшаш организмлар пайдо бўлган. Ҳақиқий сувўтлар протерозой эрасида, яшил ва қизил сувўтлар палеозойнинг бошларида пайдо бўганлиги тахмин қилинади. Дастлабки юксак Ўсимликлар — риниофитлар протерозой ва палеозой чегарасида келиб чиққанлигини эҳтимол қилиш мумкин. Уларда илдиз ўрнига ризоидлари бўлган. Карбонда дарахтсимон қирққулоқлар келиб чиққан; пермда улар ўрнини ҳозирги қирққулоқлар эгаллаган. Карбонда игнабаргли ўсимликлар пайдо бўлган, триас ва юра даврларида улар кенг тарқалган. Бўр даврининг бошларида гулли Ўсимликлар (ёпиқ уруғлилар) ҳосил бўлган ва шундан сўнг улар Ер флорасида ҳукмрон бўлиб қолган.

Ў. Ерда мавжуд бўлган барча тирик организмлар ҳаётида катта аҳамиятга эга. Ҳайвонлар ва одамнинг ҳаётини Ўсимликлар сиз тасаввур қилиб бўлмайди. Фақат яшил хлорофиллга эга бўлган Ўсимликлар анорганик моддалардан органик бирикмаларни синтезлаш орқали қуёш нури энергиясини тўплайди; айни вактда Ўсимликлар атмосферадан С02 газини олиб, атмосферага деярли барча тирик организмларнинг нафас олиши учун зарур бўлган кислород чиқаради. Шу йўл билан яшил Ўсимликлар атмосфера таркибининг доимийлигини сақлаб туради. Ўсимликлар органик моддаларни ҳосил қилувчи продуцентлар сифатида озиқ занжирининг асосини ташкил этади.

Ер юзидаги Ўсимликлар турли ҳаётий формалар (ўтлар, буталар, дарахтлар, лианалар, эпифитлар ва бошқалар)ни ҳосил қилади. Ўсимликларнинг хилмахил турларидан таркиб топган фитоценозлар Ер юзи ландшафти ва бошқалар организмлар учун экологик шароитнинг хилмахиллигини белгилаб беради. Ўсимликларнинг бевосита иштирокида тупроқ ва торф ҳосил бўлади. Қўнғир кўмир ва тошкўмирнинг ҳосил бўлиши ҳам Ўсимликлар билан боғлиқ.

Ўсимликларнинг ғоят хилмахил турларидан уруғли Ўсимликлар, асосан, гулли Ўсимликлар катта аҳамиятга эга. Уруғли Ўсимликлар озиқ-овқат, кийимкечак, ёқилғи, қурилиш материаллари ва бошқаларни беради (қ. Маданий ўсимликлар). Одам жуда катта майдонларда маданий Ўсимликларнинг сунъий қопламлари (экин экиладиган далалар, боғлар, хиёбонлар ва бошқалар)ни барпо этишни, Ўсимликларнинг хилмахил навларини яратишни билиб олган. Аммо Ўсимликларни кўп миқдорда йиғиб олиш ва Ўсимликлар бойликларидан оқилона фойдаланмаслик уларнинг жуда катта майдонларда йўқолиб кетишига олиб келди; кўплаб ўсимлик турларининг бутунлай йўқолиб кетиш хавфи туғилди. Шу сабабдан, Ўзбекистонда Ўсимликларни ҳимоя қилиш ва уларнинг табиий бойликларидан оқилона фойдаланиш тўғрисида махсус қонун қабул қилинган (қ. Табиашни муҳофаза қилиш). Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига ноёб ва йўқолиб бораётган Ўсимликлар турлари киритилган. Ўсимликларни ботаника фани ўрганади. Яна қ. Флора.

Ад. \ Жизнь растений, т. 1—6, М., 1974—82; Вент Ф. У., В мире растений, М., 1972; Тахтаджян А. Л., Вопросм эволюционной морфологии растений, Л., 1954.