ЎСИМЛИКЛАР СИСТЕМАТИКАСИ

ЎСИМЛИКЛАР СИСТЕМАТИКАСИ — ботаниканинг бўлими; ҳозирги ва қирилиб кетган ўсимликларни тавсифлаш, уларни ҳар хил даражада таксонлар бўйича тасниф қилиш билан шуғулланади. Ўсимликлар систематикаси узоқтарихга эга. Ўсимликлар дастлаб кўзга осон ташланадиган бир неча белгиларига биноан таснифланган. Ҳоз. Ўсимликлар систематикасида ўсимликларнинг анатомоморфологик белгилари билан бирга улар ўртасидаги ўзаро қариндошлик (гомологик) боғланишлар ҳисобга олинади. Ўсимликлар систематикаси даги дастлабки уринишлар бундан 5000 йил аввал бошланган. Юнон файласуфи, табиатшунос Теофраст (мил. ав. 372 — 287) ўсимликларни 4 гуруҳ: дарахтлар, буталар, чала буталар ва ўтларга бўлган. Кейинчалик немис файласуфи Альберт фон Больштедт (1193 — 1280) ўсимликларни бир паллали ва икки паллалиларга ажратган. Уйғониш даврида италиялик Андреа Чезальпино (1583) ўсимликларнинг, асосан, мева ва уруғларининг тузилиши асосида биринчи сунъий таснифини нашр этди. 16-аср охирида К. Баугин туркум (авлод) ва тур категорияларини фанга жорий этди. К. Линней (1735) ўзининг чангчилар сонига асосланган системасини ишлаб чиқди. Бир қанча камчиликлари бўлишига қарамай, бу система амалий жиҳатдан фақат мутахассисларга эмас, балки барча ботаникага қизиқувчиларга қўл келди.

19-асрда О. П. Декандоль систематикаси (1813, 1819) катта аҳамиятга эга бўлди. У ўсимликлар дунёсини 2 бўлим (найчали ва ҳужайрали, яъни найчасиз ўсимликлар)га ажратади. Найчалиларга икки паллали ва бир паллаЛи ўсимликлар киритилди. Англиялик ботаник Р. Броун (1825) очиқ уруғлилар ва ёпиқ уруғлиларни кўрсатиб берди. Рус олими М. А. Максимовичнинг «Ўсимликлар дунёси системалари» китобида табиий систематиканинг назарий принциплари баён этади. Австрия ботаниги С. Эндлихер ҳамма ўсимликларни 2 гуруҳ (таллофитлар ва юксак ўсимликлар)га ажратган. Француз ботаниги А. Броньяр (1843) системаси бўйича ўсимликлар криптогам (ҳаммаси уруғсиз) ва фанерогамларга ажратилди. Англиялик ботаниклар Ж. Бентам ва Ж. Хукер (1862—83) Декандоль систематикасини анча такомиллаштиришди.

Россияда ўсимликлар филогенетик систематикасининг ривожланиши, аввало, Б. М. КозоПолянский ва унинг шогирдлари ишлари билан боғлиқ. Кейинчалик Ўсимликлар систематикаси соҳасида бир канча тадқиқотлар амалга оширилди (Годенкин, 1937; Буш 1959, 1966; Виноградов 1958; Комаров, 1954; Ильин, 1936; Попов, 1958; Камелин, 1973; Цвелев, 1976).

Ўзбекистонда ҳам бу соҳада катта ишлар қилинди (Зокиров, 1955, 1961; Коровин, 1962; Введенский, 1953, 1955, 1962; Музаффаров, 1987, 1988; Пратов, 1998 ва бошқалар). 6 томли «Ўзбекистон флораси» (1941—1962), 10 томли Ўрта Осиё ўсимликлари аниқлагичи (1968— 1993) каби тўшгамлар нашр этилди. Ҳоз. Ўсимликлар систематикаси катта ютукларга эришилганлигига қарамасдан ўсимлик дунёси учун кўпчиликка маъқул бўлган ягона систематика яратилмаган.

Ад.: Тахтаджан А. Л., О состоянии и перспективах развития систематики. «Успехи современной биологии», М., 1972; Жизнь растений, т. 1—6, М., 1974—82.