ЎСИМЛИКЛАР МОРФОЛОГИЯСИ

ЎСИМЛИКЛАР МОРФОЛОГИЯСИ, фитоморфология — ботаниканинг бўлими; ўсимликларнинг тузилиши ва форма ҳосил бўлиши жараёнларидаги қонуниятларни ўрганадиган фан. Ў. м. нинг тарихий тараққиёти давомида ундан ўсимликлар анатомияси, ўсимликлар эмбриологияси, цитология мустақил фан сифатида ажралиб чиқди. Табиатдаги ўсимликларнинг морфологик жиҳатдан турлитуманлигини аниқлаш; тузилиши, органлар ва органлар системасининг ўзаро жойлашуви қонуниятларини ўрганиш; ўсимликларнинг умумий тузулиши ва айрим органларининг индивидуал ривожланишида (онтоморфогенез) ўзгаришини тадқиқ этиш; ўсимлик дунёсининг эволюцион ривожланишида органларнинг пайдо бўлишини изоҳлаш (филоморфогенез); форма ҳосил бўлишида турли хил ташқи ва ички омиллар таъсирини ўрганиш Ўсимликлар морфологиясининг асосий муаммоларидан ҳисобланади. Морфологик тадқиқотларнинг асосий методлари — тасвирлаш, чоғиштирма ва экспериментал методлардир. Биринчиси ўсимлик органлари ва органлар системасини тасвирлайди (органография), иккинчи методда тасвирланган материал тавсифланади ва ҳ. к. Экспериментал методда назорат этиладиган ташқи муҳит комплекси сунъий ҳосил қилинади ҳамда бу шароитда ўсимликларнинг морфологик реакцияси ва бошқалар ўрганилади. Ўсимликлар морфологияси ботаниканинг бошқа бўлимлари: ўсимликлар палеоботаникаси, ўсимликлар систематикаси ва филогенияси, ўсимликлар физиологияси, ўсимликлар экологияси, ўсимликлар географияси ва геоботаника, генетика ва ўсимликшунослик билан чамбарчас боғлиқ.

Ўсимликлар морфологияси жуда қадимдан ўрганила бошланган. 17-асрда Ўсимликлар морфологиясини назарий умумлаштириш соҳасида дастлабки ишлар қилинган (италиялик олимлар А. Цезальпин, М. Мальпиги, немис олими И. Юнг). Лекин Ўсимликлар морфологияси соҳа сифатида 18-аср охирларида шаклланди. Бу вақтда «Ўсимликлар метаморфози ҳақида тажриба» («Опнт о метаморфозе растений», 1790) китоби нашр қилиниб, бунда И. В. Гёте «морфология» терминини фанга жорий этишни таклиф этди.

19-асрнинг биринчи ярмида Ўсимликлар морфологияси анча ривожланди. О. П. Декандоль (1827) Гётедан мустасно органлар ва улар метаморфози тўғрисида хулосага келди. Очиқ уруғлилар уруғкуртаги устидаги дастлабки тадқиқотлар англиялик ботаник Р. Броунга тегишлидир; у игнабарглиларда архегоний ва спермийни аникдади. Ўсимликлар морфологияси фанининг чоғиштирма методи ривожланишида немис ботаниги А. Брауннинг хизмати катта. 19-асрнинг 2-ярми ва 20-аср бошларида Ўсимликлар морфологиясининг ривожланишига Ч. Дарвиннинг эволюцион назарияси катта таъсир кўрсатди (қ. Дарвинизм). Ў. м. эволюциясидаги бошқа йўналишлар ривожи, асосан, қазилма ўсимликларнн ўрганишга асосланди. Мас, англиялик ботаник Ф. Боуэр, немис олими Г. Потонье ва француз О. Линьелар томонидан қуруқликдаги юксак ўсимликлар асосий органлари ўрганилди. Гулнинг келиб чиқиши назарияси Ўсимликлар морфологияси эволюциясини тушунтиришда муҳим аҳамиятга эга. Англиялик ботаниклар Н. Арбер ва Ж. Паркин ва австриялик ботаник Р. Веттштейн, рус ботаниги Х. Я. Гоби меваларнинг биринчи эволюцион таснифини ишлаб чиқишди. Онтогенетик Ўсимликлар морфологияси филогенетик ва экспериментал Ўсимликлар морфологияси билан мустаҳкам алоқада ривожланди. Немис ботаниги А. Эйхлер баргнинг ривожланиш тарихи (1869) ва гул тузилиши қонуниятини (1878—82), рус ботаниги В. А. Дейнега эса бир паллали ва икки паллали ўсимликлар барги отногенезини тадқиқ этдилар.

Ўсимликлар морфологиясининг эксперементал методи (термин К. А. Тимирязев томонидан таклиф этилган, 1890)нинг ривожланишига А. Н. Бекетов катта ҳисса қўшди; у ўсимлик органларининг физиологик функциялари ва ташқи муҳит таъсирини форма ҳосил бўлишида муҳим омил деб ҳисоблади. Рус ботаниги Н. Ф. Леваковский қуруқликда яшовчи ўсимлик новдаларининг сув муҳитидаги ҳолатини эксперементал ўрганди (1863), немис физиологи Г. Фёхтинг ўсимлик формасига турли табиий шароит таъсирини эксперементал кузатди (1878—82) ҳамда ўсимликларда қутблик ҳодисасини очди. Немис ботаниклари Г. Клебс (1903) ва К. Гёбель (1908) органларнинг ўсиш формаси аниқ омиллар (ёруғлик, намлик, озиқ) га боғлиқ эканлигини тажрибада аниклашди ва сунъий метаморфоз ҳосил қилишди. Экологик Ўсимликлар морфологияси ўсимликлар географияси ва экологияси билан бир вақтда пайдо бўлди. Даниялик Э. Варминг ва К. Раункиер, немис ботаниги А. Шимпер мазкур йўналишга асос солишди. Чоғиштирмаморфологик йўналиш В. Тролля (ГФР) ва унинг шогирдлари ишлари билан бошланди. Ёпиқ уруғлиларнинг морфологик эволюциясини рус ботаниги А. Л. Тахтажян тавсифлаб берди. Онтогенетик ва экспериментал йўналиш ўсимликлар физиологияси билан бирга жадал ривожланди (морфогенез). Морфогенез тўғрисида америкалик олим Э. Синнот ишларида батафсил маълумот беради. Юксак ўсимликларда органо ва гистогенезнинг асосий манбаи ҳисобланган новда ва илдиз ўсиш конусини ўрганиш бўйича бажарилган ишлар айниқса муҳим аҳамиятга эга. Мазкур соҳадаги назарий умумлашмалар швед олими О. Шюпп (1938), америкалик — А. Фостер ва унинг ходимлари (1936 — 54), К. Эсау (196065), немис Г. Гуттенберг (1960—61), англиялик — Ф. Клоус (1961) га тегишли.

Ўзбекистонда анатомик метод кенг қўлланиши асосида морфогенез соҳасида муҳим ишлар олиб боридди; қийин экологик шароитда яшовчи объектларда органогенез этаплар ва уларнинг ташқи муҳитга боғлиқлиги тўғрисидаги таълимот шулар жумласидандир. Чоғиштирма экологик Ўсимликлар морфологияси соҳасидаги маълумотлар фақат форма ҳосил бўлиш қонуниятини тушунтириш билан бирга улардан амалиётда фойдаланишга имкон берди. Онтоморфогенез, экологик ва экспериментал Ўсимликлар морфологияси соҳасидаги тадқиқотлар ўрмончилик ва ўтлоқчиликнинг биологик асосларини яратишда ҳамда манзарали ўсимликлар етиштириш усулларини ишлаб чиқишда аҳамиятга эга. Ботаника боғларидаги интродукциялаш ишларида онтогенетик ва экологик Ўсимликлар морфологияси маълумотларига асосланилади ва айни вақтда бу ишлар янги назарий хулосалар учун материал беради. Ўзбекистонда «Ботаника» илмий и. ч. марказида ҳам Ўсимликлар морфологиясининг турли соҳаларида тадқиқот ишлари олиб борилади.

Ад. \ Серебряков И. Г., Морфология вегетативнмх органов вмсших растений, М., 1952; Тахтаджян А. Л., Основн эволюционной морфологии покрмтосемяннмх, М. — Л., 1964.