ЎСИМЛИКЛАР АНАТОМИЯСИ

ЎСИМЛИКЛАР АНАТОМИЯСИ — ботаниканинг ўсимликларнинг ички тузилишини ўрганадиган бўлими. Ўсимликлар анатомиясининг пайдо бўлиши микроскопнинг кашф этилиши ва 17-аср охирида италия биологи М. Мальпиги ҳамда инглиз ботаниги Н. Грю томонидан илк бор ўсимлик тўқималарининг микроскопик тузилишини ўрганилиши билан боғлиқ. Ўсимликлар ҳужайраларини ўрганиб олинган натижалардан 19-асрда Т. Шванн ўзининг ҳужайра назариясини ишлаб чиқишда фойдаланган. 19-асрнинг 2-ярми ва 20-асрнинг бошидан бошлаб ўсимликлар тўқималари, ҳужайралари ва органоидлари уларнинг ўсиши, ривожланиши, онтогенез давомида ихтисослашуви ҳамда улар функцияси билан қўшиб ўрганила бошланди. Ана шу даврда Ўсимликлар анатомиясидан ўсимликлар цитологияси ажралиб чиқади. Электрон микроскопия, методологик асослардан — эволюцион таълимот ва экологик ёндошув Ўсимликлар анатомиясини ўрганиш методларидан ҳисобланади. Ўсимликлар анатомияси далилларидан фақат биологияда эмас, балки агрономия, техника, тарих ва археология (дендрология), шунингдек, фармацевтика, озиқ-овқат, целлюлозақоғоз и. ч., ёғочсозлик саноатида фойдаланилади (қ. Ўсимликлар морфологияси).

Ўсимликларнинг ички тузилиши, асосан, ёруғлик микроскопи ёрдамида ўрганилади. Бу жараёнда янги текшириш усуллари — поляризация, ультрабинафша нурлар, люминесцент ва электрон микроскопия ҳамда текширишнинг гистокимёвий усуллари, рентгеноструктурал анализ ва бошқалардан ҳам фойдаланилади, Анатомик тадқиқотлар ўсимликларнинг келиб чиқиши, қ. х. экинларига ташқи муҳит таъсирини аниқлаш ва бошқалар масалаларни ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга.