ЎСИМЛИК МОДДАЛАРИ КИМЁСИ ИНСТИТУТИ

ЎСИМЛИК МОДДАЛАРИ КИМЁСИ ИНСТИТУТИ, Ўзбекистон Республикаси ФАнинг Собир Юнусов номидаги Ўсимлик моддалари кимёси институти — илмий текшириш муассасаси. 1956 йилда Ўзбекистон ФА таркибидаги Кимё институти алкалоидлар кимёси лаб. (1943) негизида ташкил этилган. Интнинг асосий фундаментал илмий ва амалий йўналиши ўсимликлар таркибидаги биологик фаол моддалар ҳамда синтез йўли билан олинган бирикмаларни кимёвий, фармакотоксикологик ва технологик тадқиқ қилиш, молекуляр генетик изланишлар олиб бориш, ўстирувчи моддалар, гербицидлар, фунгицитлар, дефолиантлар ва бошқалар ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини кашф этишдан иборат. Интга асосчиси С. Ю. Юнусов номи берилган. Ин-тда алкалоидлар, гликозидлар, липидлар кимёси, юқори молекулали ўсимлик моддалари, кумаринлар кимёси, молекуляр генетика, синтетик препаратлар технологияси, фармакология ва токсикология, цитотоксикология. доривор ўсимликлар, органик синтез ва бошқалар лаб. лар, тажриба ишлаб чиқариш корхонаси. компьютер маркази, илмийташкилий бўлим, сертификация ва стандартизация бўлими, босмахона бор. Ин-тда Ўзбекистон, Марказий Осиё ва бошқалар ҳудудлардаги ўсимликлардан 2200 дан ортиқ табиий бирикмалар — алкалоидлар, гликозидлар, фитоэкдистероидлар, кумаринлар, флаваноидлар, мураккаб эфирлар, полисахаридлар, лактонлар, проантоцианидлар, липидлар, фосфолипидлар, ғўзапоя, шоли қипиғи лигнинлари ва ўсимлик оқсилларининг кимёвий тузилиши, трансформациялари ва биологик фаоллиги, рекомбинат оқсиллар ва моноклонал антителолар асосида диагностикумлар ва вакциналар олиш ҳамда фитогормонлар таъсирининг механизми ўрганилди. Кимёвий, фармакологик тадқиқотлар натижасида 60 дан ортиқ доривор моддалар, 30 дан ортиқ препаратлар олиш технологияси ишлаб чиқилди ва тиббиётда кўллашга тавсия этилди. 30 мингдан ортиқ органик бирикмалар синтез қилиниб, улардан бутилкаптакс, цитодеф дефолиантлари, никомизолон фунгицидлари, нитролин ўстирувчи моддалар ва бошқаларни амалиётда қўллаш мумкинлиги аниқланди. Чигит кунжарасидан озуқа оқсилини ажратиб олиш, ширинмия илдизидан кўпиклаткич олиш усуллари, стевия ўсимлигидан қанддан 50—150 марта ширин бўлган ширинлатгич ажратиб олиш технологияси ишлаб чиқилди. «Лимончики», «Гўзал», «Алга», «Аканта» номли косметик воситалар учун қўшимчалар тайёрланди, «Жистен» ва «Жистенин» биоқўшимчалар ишлаб чиқаришга жорий этилди. ин-т фаолияти С. Ю. Юнусов, Х. Н. Орипов, Н. К. Абубакиров ва бошқалар номи билан боғлиқ. Ин-тда 300 дан ортиқ ходим, жумладан, 1 Ўзбекистон ФА акад. (А. М. Глушенкова), 2 Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, 21 фан дри, 60 фан номзоди фаолият кўрсатади (2005). ин-т ходимларининг 2 илмий иши Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофотига сазовор бўлган.

Тоҳир Дўстмуҳамедов.