ЎСИМЛИК ЛИНИЯЛАРИ (лот. — ип) — жинсий йўл билан кўпаювчи, бир гомозиготали ўсимлик авлодлари; улар фақат уруғи орқали кўпаяди, барқарорлиги маълум бир стандарт навга мувофиқ танлаш йўли билан сақлаб борилади. Ўсимлик линиялари соф, изоген, насл бериш лаёқатини тикловчи, бепуштликни мустаҳкамловчи линияларга бўлинади. Соф линиялар — ўзидан чангланувчи гомозиготали ўсимликларнинг генотипик бир хил насли (қ. Генотип). Бирор белгига нисбатан олиш мумкин бўлган соф линияларнинг сони шу белгиларни назорат қилувчи жуфт генлар сонига боғлиқ. Мас, агар белгини бир жуфт Аа ген назорат қиладиган бўлса, иккита соф линия — АА ва аа линияларини ҳосил этиши мумкин; агар белгини бошқа яна бир жуфт ген — Вв ҳам назорат қиладиган бўлса, у ҳолда тўртта соф линия — ААВВ. ааВВ, ААвв ва аавв линияларни олиш мумкин, п жуфт генлар иштирокида олиниши мумкин бўлган соф линиялар сони 2» га тенг. Соф линиялар ирсияти жуда барқарор бўлиб, ўзининг барча белги ва хусусиятларини наслларига мустаҳкам ўтказиш ва узоқ муддат сақлаб қолиш лаёқатига эга. Соф линияларни биринчи бўлиб даниялик генетик В. Иогансен ўрганди. У ўзининг «соф линиялар» назариясини яратиб (1903), уларнинг эволюция ва селекция учун аҳамиятини изоҳлаб берган. Четдан чангланувчи битта ўсимликнинг бир неча авлодида такрортакрор мажбуран ўзидан чанглантириб олинадиган ирсий табақаланувчи насллари ўзидан чанглантирилган линияларни ташкил қилади. Бундай линиялар асосан гетерозисли дурагай уруғлар етиштиришда отаона сифатида фойдаланиш мақсадида яратилади. Изоген линиялар — аллель генларнинг бир ёки бир неча жуфти таркибидаги турли аллелларни ҳисобга олмаганда генетик тузилиши бир хил линиялар. Бу хил линиялар тўйинтирувчи қайта чатиштириш йўли билан олиниб, ўсимликлар у ёки бу сифат белгисининг хўжаликбиологик аҳамиятини аниқлаш имконини беради.
Ўсимликларнинг насл бериш лаёқатини тикловчилар — бундай линияларни цитоплазматик эркаклик бепушт формалар билан чатиштирилганда уларнинг ҳосил бериш қобилияти қайта тикланади. Бепуштликни мустаҳкамлов чилар — бундай линиялар ёки навларни цитоплазматик эркаклик бепушт формалар билан чатиштирилганда бепушт формаларнинг бу хусусияти сакланиб қолади. Четдан чангланувчи ўсимликларда мажбуран ўзидан чангланишни бир неча авлодларда такрорлаш генетик табақаланишга эга бўлган ўзидан чангланган линиялар ҳосил бўлишига олиб келади. Ўсимлик линиялари селекция ишида янги навлар яратиш учун бошланғич материал бўлиб хизмат қилади.