ЎРТА ТОҒ ЖИНСЛАРИ

ЎРТА ТОҒ ЖИНСЛАРИ — таркибида 56—65% кремнезём бўлган, нордон ва асосли тоғ жинслари ўртасидаги магматик тоғ жинслари. Ў. т. ж. га асосан, таркибида озроқ темир магнезиалли минераллар (пироксен, шоҳ алдамчиси, баъзан биотит) бўлган дала шпатлари киради; дала шпатлари орасида ўрта плагиоклазлар (олигоклаз, андезит) муҳимдир. Ўрта тоғ жинслари орасида моддий таркиби бўйича натрийли (диоритлар, андезитлар ва порфиритлар) ва калийли (сиенитлар ва трахитлар) қаторлари фарқланади. Ўрта тоғ жинслари, асосан, эффузив жинслар орасида тарқалган, уларда андезит ва порфиритлар трахит ва порфиритлардан кўра кўпроқ, интрузив жинслар (диорит, сиенит) нисбатан камроқ тарқалган бўлади. Кварцли диоритлар таркибида кварц 20% гача, диорит ва сиенитларда 5% гача учрайди (қ. Магматик тоғ жинслари).